​Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида бир қатор янгиликлар жорий этилади

273

Бу ҳақда 6 август куни Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 3898-сон қарорининг мазмун-моҳиятини етказиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган йиғилишда маълум бўлди.

Тадбирда мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов, шунингдек, бошқа вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарлари, жамоат бирлашмалари вакиллари иштирок этди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш бўйича республика идоралараро комиссияси таркиби тасдиқланди.

“Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ҳарбий хизматчиларнинг ҳаётий ва профессионал кўникмаларини илм-маърифат асосида қалби ва онгига сингдириш, мамлакатимиз ҳаётидаги реал ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда уларнинг билимларини ошириб бориш, ён-атрофимиз ва жаҳонда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ёндашиш, ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш масалаларида тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш йўлида навбатдаги қадам бўлди”, — дейди мудофаа вазири.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида ҳафтанинг ҳар жума куни “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” этиб белгиланди ва ушбу кунда маънавий-маърифий тадбирларга алоҳида эътибор қаратиладиган бўлди.

Шунингдек, қарорга мувофиқ Мудофаа вазирлиги зиммасига 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, Қуролли Кучлари академияси умумқўшин факультети базасида қўшимча “Қўмондонлик-тактик тарбиявий ва мафкуравий ишлар” мутахассислиги бўйича офицерлар тайёрлаш таълим тизими жорий этилади ва икки ой муддатда ушбу мутахассислик бўйича малака талаблари, ўқув режаси ва дастури ишлаб чиқилади.

“Қўмондонлик-тактик тарбиявий ва мафкуравий ишлар” мутахассислигига 2018/2019 ўқув йилида, истисно тариқасида, Қуролли Кучлари академияси умумқўшин факультетига ўқишга кирган курсантлар орасидан уларнинг розилигига асосан танлаб олиниши ташкил этилади.

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардиянинг Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда муносиб ҳисса қўшган ҳарбий хизматчиларга ҳамда фуқароларга ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини оширишга катта таъсир кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун топшириладиган “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифга розилик берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Ҳукумат қарорини қабул қилиш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш органлари негизида тарбиявий ва мафкуравий ишлар органлари ташкил этиладиган бўлди.

Бригадаларда ва алоҳида батальонларда “ҳарбий психолог” (офицер) лавозими, ҳарбий округлар бошқарув аппаратларида “психолог”, “етакчи социолог”, бригадаларда (уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмларда)
ва алоҳида батальонларда “ҳарбий қисм командирининг маънавият
ва маърифат ишлари бўйича маслаҳатчиси” лавозимлари жорий этилади.

Вазирлик марказий аппарати ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар ва ёшлар билан ишлаш бўлими негизида ушбу бошқарма ва бўлим вазифаларини бажарувчи Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси ташкил этилади.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясининг асосий мақсади, мустақил, кенг дунёқараш ва фикрлашга эга, иймон-эътиқоди ва иродаси мустаҳкам, маънавиятли ва фидойи, Ватанга содиқ ва ҳалол, аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб хизмат қиладиган баркамол шахс — Ватан ҳимоячиларини тарбиялаш, уларнинг дунёқарашларини, мантиқий, ижодий ва таҳлилий фикрлаш доирасини кенгайтиришга қаратилган.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати