«АрМИ—2018»: Ўзбекистон ҳарбийлари Қозоғистонда “Артиллерия отиш усталари” танловида баҳслашмоқда

367

Қозоғистондаги «Гвардейский» полигонида Халқаро армия ўйинларининг «Артиллерия отиш усталари» йўналиши бўйича иштирок этаётган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар мусобақанинг асосий босқичидан олдин ўқув машғулотларида иштирок этишди.

Машғулот давомида гуруҳлар захира трассасида транспорт воситаси ёрдамида ҳаракатланиш элементларини бажариш, шунингдек, 120 миллиметрли «Сани» миномёти, танкка қарши «РПГ-7В» гранатомёти,«ПКТ» пулемёти ва «АК-74» автоматидан ўт очиш машқларини бажардилар.

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 25 июль куни Қозоғистоннинг Отар шаҳрига етиб келган бўлиб, ҳозирда керакли барча техника ва қуролларни қабул қилиб олишган. Эслатиб ўтамиз, «АрМИ—2018» Халқаро армия ўйинларининг «Артиллерия отиш усталари» йўналишида 11 давлатдан, хусусан,Россия, Қозоғистон, Зимбабве, Озарбайжон, Ўзбекистон, Венесуела,Қирғизистон, Тожикистон, Белорус Республикаси, Эрон ва Суриядан келган иштирокчилар қатнашмоқда.

1 август куни Қозоғистон қуролли кучларига қарашли 40-ҳарбий базада мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди ва беллашувларга старт берилди.

Маълумот учун, Халқаро армия ўйинларининг учта йўналиши Қозоғистон ҳудудида ўтказиляпти: «Артиллерия отиш усталари», «Лочин ови» — учувчисиз учиш қурилмаларини бошқариш мусобақаси ҳамда ҳарбий алоқачилар ўртасида «Ишончли қабул».

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати