Хоразм ёшлари билан курсантлар ўзига хос тарғибот тадбирлари олиб боришди

14

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси курсантлари ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган қатор тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Навбатдаги ташаббус батальон командири подполковник Бекзод Уразов бошчилигидаги бир гуруҳ курсантлар иштирокида амалга оширилди. Улар Хоразм вилояти Янгиариқ туманида жойлашган Маҳмуд аз-Замаҳшарий номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлиб,  ўқувчилар билан ўзаро суҳбат ва кўргазмали машғулотлар уюштирди.

Даставвал, тадбир иштирокчиларига Қуролли Кучлар академияси ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишлари учун махсус видеоролик қўйиб берилди.

Шундан сўнг, Янгиариқ тумани ҳокимлиги вакиллари, туман мудофаа ишлари бўлими ходимлари, мактаб директори ҳамда ҳарбий хизматчилар кузатувида “Мен ҳам курсант бўламан!” номли танловга старт берилди.

Биринчи бўлиб курсантлар томонидан сафда ҳарбий хизматчиларнинг қуролсиз ҳаракатлари намойиш қилинди. Жанговар қуролларни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш бўйича маҳорат дарслари ҳам ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир курсантлар ва ўқувчи ёшлар ўртасида волейбол, баскетбол ҳамда армрестлинг бўйича оммавий спорт беллашувларига уланиб кетди.

Ўқувчилар ҳам курсантларга жавобан ўзлари тайёрлаган қўл жанги кўргазмали чиқишларини намойиш қилиб, ҳарбий хизматга бўлган қизиқишларини яна бир бор исботладилар.

Курсантлар қишки таътил давомида жойларда умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларида тарғибот тадбирларини давом эттирмоқда.

Муҳаммад ХЎЖАЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти