Мудофаа вазирлиги Ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳарбийлар ва ёшлар иштирокида уруш фахрийлари ҳолидан хабар олди

16

Иккинчи жаҳон урушининг кўргуликларини ўз бошидан ўтказган нуронийлар тинчлик ва осойишталикни қадру қимматини теран англайдиган инсонлардир.

Шу боисдан бугунги кунда ҳарбий хизматчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари  Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашмоқда.

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, Жиззах вилояти “Нуронийлар” жамғармаси вакиллари, Жиззах ҳарбий прокуратураси ҳамда ўқувчи ёшлар Шароф Рашидов тумани ҳамда Жиззах шаҳридаги уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олишди.

Дастлаб, Шароф Рашидов тумани Қўшбармоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Мамашариф ота Сиддиқов хонадонида бўлишди. Уруш даҳшатларини кўрган Мамашариф ота Иккинчи жаҳон уруши кўпчиликнинг ёстиғини қуритгани ва у билан бир қадам бўлиб юрадиган очлик ва қашшоқлик билан инсонлар сабри синалганлиги ва бу ёруғ кунлар учун ёшликнинг энг бахтли онлари вақтида ўз жонларини бахшида этишгани ҳақида сўзлаб берди.

Шундан сўнг, меҳмонлар Жиззах шаҳри Қалия маҳалласида истиқомат қилувчи, уруш даҳшатини жисмида оғриқлар билан ўтказган
95 ёшли Мустафо ота Умаров хонадонида бўлишди.
Ташриф чоғида меҳмонлар уруш фахрийсига совға саломлар улашиб,
Мустафо отанинг ўша машъум кунлар, қонли тунлардан қолган хотиралари билан қизиқишди.

Уруш фахрийларини кўрсатган матонати ва жасоратини тинглаб, қалби ғурур ва ифтихорга тўлган ёшлар ўзларининг Она Ватанни улуғловчи шеърлари билан уруш қаҳрамонларига олам-олам қувонч бахш этди.

Хулоса қилиб айтганда, жангларда ва фронт ортида мардлик, жасорат намунасини кўрсатиб, тинчлик учун керак бўлса жонидан кечган ва қалбларида ўша машъум кунларнинг изи қолган кексаларни қадрлаш, ўтганларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш, ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Уларни борида қадрлайлик. Ана шундай дамларда сизу бизнинг меҳримиз уларга далда бўлиб, кўнглига таскин беради.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати