Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигида Бобур таваллудига бағишлаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди

19

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмларида шох ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, қўмондонлик бошқарув аппаратида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова йиғилганларга буюк бобокалонимиз ҳаётига оид қизиқари маълумотлар ва воқеий ҳикояларни сўзлаб берди.

Тадбир давомида ўқувчи ёшлар ва ҳарбий хизматчилар томонидан тарихий саҳна кўринишлари маҳорат билан ижро этилди. Аҳамиятлиси шундаки, қўмондонликнинг барча шахсий таркиби ўтказиладиган ҳар бир тадбирга алоҳида тайёргарлик кўриб, адабиётимиз дурдоналаридан ёд олиши яхши анъанага айланган.

Тадбир якунида залда ўтирган ҳарбий хизматчиларнинг Бобур Мирзо ғазаллари, рубоий ва туюқларини ёддан ўқиб бериши меҳмонларнинг алоҳида эътирофига сазовор бўлди.

Тошкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида ҳам Юнусобод туманидаги 274-сонли мактаб ўқувчилари иштирокида учрашув ўтказилди. Учрашувда ўқувчи ёшлар ёзувчи Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асаридан саҳна кўринишлари намойиш этдилар. Бобурнинг юрт соғинчини тараннум этувчи ғазалларидан парчалар ўқилди.

Шу каби тадбирлар қўмондонликнинг Самарқанд вилояти Қўшробод туманида жойлашган ҳарбий қисми ҳарбий хизматчилари томонидан ҳам туман ҳокимлиги ва ёшлар иттифоқи Кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилди.

Навоий вилояти Кармана туманида Мирзо Бобур таваллудининг
537 йиллигига бағишлаб муддатли ҳарбий хизматчилар билан ўтказилган тадбирда эса, унинг “Бобурнома” ва “Ҳатти Бобурий” асарлари мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.

Қўмондонликнинг Қашқадарё вилоятида жойлашган қўшилмаси ва унинг таркибидаги ҳарбий қисмларида ҳам мавзуга оид тадбирлар кенг миқёсда ранг-баранг тарзда ташкил этилди. Хусусан, “Буюк мутаффаккирлар ижоди билимдони” мавзусида интеллектуал ринг ўтказилди. Ғузор туманидаги 14-сонли мактаб ўқувчилари томонидан бадиий чиқишлар намойиш этилди.

Муборак туманида жойлашган ҳарбий қисмга ташриф буюрган 28-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари буюк ижодий мерос намуналаридан парча ижро этдилар.

Бухоро вилоятида жойлашган ҳарбий қисмнинг тарғибот гуруҳи  “Бойчечак” номли мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюрди. Бу ерда “Буюк аждодларимизга таъзим” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Болажонлар ўзлари тайёрлаган саҳна кўринишлари, гўзал куй-қўшиқ ва рақсларни барчага намойиш қилдилар.

Хулоса қилиб айтганда, шох ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишланган тадбирлар Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг барча ҳарбий қисмларида кенг миқёсда, жамотчилик вакиллари ва ўқувчи ёшларни жалб қилган ҳолда ўтказилди.

 

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари
қўмондонлиги матбуот хизмати