Ҳарбий хизматчи олий ўқув юртига кириш учун тавсияномани қандай олади

14

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (рўйхат рақами 3215, 31.01.2020 йил). Низом Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, ДХХ ва Миллий гвардиянинг қўшма қарори билан тасдиқланди.

Тавсияномалар Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга берилади.

Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тавсияномага эга бўлган фуқаролар қуйидагиларга:

  • республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра ўзлари тўплаган балларининг 50%и миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга;
  • олий таълим муассасалари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириш учун қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга берилган тавсияномалар, улар берилган санадан бошлаб 3 йил мобайнида амал қилади.

Тавсияномалар қуйидаги параметрлар бўйича ҳисобланган балларни ҳисобга олган ҳолда берилади:

  • жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик кўрсаткичлари;
  • намунали ҳарбий интизом кўрсаткичлари;
  • тест синовларидан ўтиш.

Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича балларни ҳисоблаш учун ўқув фанларидан қўйилган баҳоларнинг якуний ўртача кўрсаткичи асос бўлади. Баҳоларининг якуний ўртача кўрсаткичи 4,0 дан юқори бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларга балл берилади. Бунда баҳоларининг ўртача кўрсаткичига қараб қуйидаги тартибда балл ҳисобланади:

  • 4,0 дан 4,3 гача – 10 балл;
  • 4,4 дан 4,7 гача – 15 балл;
  • 4,8 дан 5,0 гача – 20 балл.

Ҳарбий хизматчи намунали ҳарбий интизом учун рағбатлантирилганда, унга қўшимча 10 балл қўйилади. Бир нечта марта рағбатлантиришлар мавжуд бўлганда ҳам 10 баллдан ортиқ балл қўйилмайди. Барча рағбатлантирилишлар ҳарбий қисм командирларининг буйруқлари билан эълон қилинади. Барча ҳисобланган баллар Рейтинг натижаларининг йиғма жадвалига киритилади.

Ҳарбий хизматчининг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларини ўзлаштиришини якуний баҳолаш, шунингдек уларнинг билим даражасини текшириш учун қуйидаги йўналишлар бўйича тест синовларини (жами 100 та савол) ўтказилади:

  • жанговар тайёргарлик (40 та саволдан – ҳар бир тўғри жавоб учун 1,2 балл);
  • маънавий-маърифий тайёргарлик (20 та саволдан – ҳар бир тўғри жавоб учун 1,1 балл);
  • математика (10 та саволдан – ҳар бир тўғри жавоб учун 1,0 балл);
  • физика (10 та саволдан – ҳар бир тўғри жавоб учун 1,0 балл);
  • мантиқий саволлар (20 та саволдан – ҳар бир тўғри жавоб учун 1,0 балл).

Барча кўрсаткичлар бўйича Якуний жадвал тузилади, унда ҳарбий хизматчилар тўпланган балларнинг пасайиб бориш тартибидаги кетма-кетликда жойлаштирилади.

Тавсиянома бериш тўғрисидаги якуний қарорни қабул қилиш мақсадида гуруҳ (бўлинма), батальон, взвод командирлари, ҳарбий қисм командири ва унинг ўринбосарлари, шунингдек муддатли ҳарбий хизматчилар иштирокида якуний йиғилиш ўтказилади, унда ҳар бир ҳарбий хизматчининг барча кўрсаткичлар бўйича тўплаган баллари жамланади ҳамда эълон қилинади.

Бериладиган тавсияномаларнинг умумий сони муддатли ҳарбий хизматчилар сонининг 40%идан ошмаслиги керак. Бир нечта ҳарбий хизматчилар тенг миқдорда балл тўплаганда истисно қилинади. Мазкур ҳолатда чеклов доирасига кириши лозим бўлган охирги муддатли ҳарбий хизматчи билан тенг миқдорда балл тўплаган ҳарбий хизматчиларнинг барчасига тавсиянома берилади.

Хизмат мобайнида давлат мукофотлари билан тақдирланган муддатли ҳарбий хизматчилар тест синовларининг натижаларидан қатъи назар, тавсиянома олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қўпол интизомий хатти-ҳаракатлар содир этган муддатли ҳарбий хизматчиларга, агар улар бўйича хизмат суриштирувлари ўтказилган ва ҳарбий қисм командирларининг тегишли буйруқлари мавжуд бўлса, тўплаган якуний баллари миқдоридан қатъи назар, тавсиянома берилмайди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.01.2020 йилдан кучга кирди. 

Манба: Norma