Ҳарбий жамоалардаги психологик муҳитни яхшилаш йўлида

10

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида “Ҳарбий фаолиятда психологик ва социологик хизматнинг тутган ўрни ҳамда роли” мавзусида республика илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

         Унда Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси офицерлари, ҳарбий психолог ва социологлар, олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Ички ишлар, Фавқулотда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Чегара қўшинлари масъул ходимларининг ҳам мавзуга таллуқли фикр-мулоҳазалари тингланди.

Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 4 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорига биноан ҳарбий қисмларда ҳарбий психолог ва социологлар фаолият юритиб келмоқда.

Мазкур конференцияда соҳа вакиллари ҳарбий психологлар ва етакчи социологлар фаолиятларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, қўшинлар билан олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни яхшилаш ва истиқболдаги шу йўналишдаги режа ва вазифаларни белгилаб олиш учун бир даврада жам бўлишди.

Конференция якунида келгусида амалга ошириладиган ишлар, ҳарбий жамоалардаги ижтимоий-психологик муҳитни соғломлаштиришнинг долзарб масалалари, психологик маслаҳат хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш омиллари ва бошқа кўплаб масалалар бўйича якуний хулосалар қилинди.  

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти