Тоифаланган объектларни қўриқлаш  қўшинларининг шиори эълон қилинди

22

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигида «Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда қўмондонлик тасарруфидаги қўшилма ва батальонлар командирлари, қўмондонлик бошқарув аппарати вакиллари ҳамда Юнусобод туманидаги «Уста Ширин», «Мингчинор», «Янгиариқ», «Увайсий», «Катта Ҳасанбой», «Ҳамкоробод» маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этди.

Тадбирда Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони полковник Журъат Якубов давлатимиз раҳбарининг Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ҳамда Олий Мажлисга мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар хусусида тўхталди. Қолаверса, Мудофаа вазирлиги миқёсида «Жанговар взвод йили» деб эълон қилинган жорий йилда барча мақсад-вазифаларни астойдил, бекаму кўст бажариш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, у қўшинлар қўмондонининг 2020 йил 24 январдаги буйруғи билан янги ўқув йили учун «Давлатимизнинг иқтисодий муҳим объектларини ишончли қўриқлаш – ватанпарвар, мард ва садоқатли фарзандларнинг бурчидир» шиори тасдиқланганини қайд этди.

Тошкент шаҳар «Нуроний» кенгаши раиси, сенатор Рустам Каланов ўзининг «Кексаларни қадрлаш – она Ватанни қадрлаш» мавзусидаги маърузасида мамлакатимизда нуронийлар ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Саҳнада кичик сержант Бекзод Йўлдошев янги тасдиқланган «Ватанга қасамёд» матнини тантанали равишда қабул қилгач, унинг моҳияти янада такомиллаштирилиб, мазмунан бойигани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Бундан ташқари, қўмондонлик томонидан 2019 йилда олиб борган фаолият сарҳисоби тўғрисида видеоролик намойиш этилди. Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида тарбиявий ва мафкуравий ишлар органи офицерлари олдида турган долзарб масалалар хусусида фикр юритилди.

Тадбир сўнгида меҳмонларга ташаккурнома ва китоблар тақдим этилди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти