Ҳарбий округда Бобур таваллудига бағишлаб  маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди

12

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ бошқарув аппарати катта мажлислар залида Мирзо Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Қарши туманидаги 20-сонли умумтаълим мактаби жамоаси томонидан бошқарув аппарати офицерлари учун тайёрлаб келинган дастур барчага бирдек манзур бўлди.

Йиғилганлар ўқилган ғазал ва рубоийлардан маънавий озуқа олиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маърузадан кўплаб маълумотларга эга бўлишди. Фаол ўқувчиларнинг саркарда ҳақидаги фикрларини инглиз тилида баён этганлари барчани лол қолдирди.

Шох ва шоир ижодидан гўзал сатрларни куйга солган ижодкор ёшлар тадбирга байрамона руҳ киритди.

Округ қўмондонлиги томонидан мактаб жамоасига миннатдорчилик изҳор этилиб, ташаккурномалар топширилди.

Шунингдек, Нуристон гарнизонидаги ҳарбий қисмда ҳам “Бобур довюрак жангчи ва моҳир саркарда” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ҳарбий хизматчилар томонидан Бобур қаламига мансуб ўлмас ғазал ва рубоийлар ўқилди, куйга солиб ижро этилди. Саркарданинг ҳаётидан парча акс этган саҳна кўринишида ҳарбийларнинг нафақат жанг майдонида, балки, санъат бобида ҳам моҳир эканликлари намоён бўлди.

Бобурнинг жанглардаги ҳаракатларидан унинг нафақат довюрак жангчи экани, балки, моҳир саркарда бўлганини ҳам биламиз.

Бу эса бугуннинг ҳарбийлари учун ҳам улкан сабоқ бўла олади.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати