Профессионал роль ижро этган (но)профессионаллар

98

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида сўз мулкининг султони Алишер Навоий ва шох ҳамда шоир, беназир қалб эгаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда ўзбек мумтоз адабиёти гултожлари бўлмиш бу икки улуғ сиймо ҳаётига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Тадбир аввалида бу ерга «Турон» ҳарбий теарти келиши ва томоша уюштириши ҳақида эшитган эдик.

Ўзбек, рус, инглиз ва форс-тожик тилларида моҳирлик билан саҳналаштирилаётган томошани завқ билан кўра туриб, ҳарбий театр жамоасига таҳсин айтиб ўтирган эдик, билим юрти бошлиғи полковник Фарҳоджон Ортиқов саҳнада роль ижро этаётганлар шу ернинг курсантлари эканлигини айтиб, ҳайратимизни оширди.

Тарихнинг чуқур билимдонлари бўлмиш курсантлар ҳар бир қаҳрамон характерини моҳирлик билан ўргангани шундоқ сезилади. Айниқса, уларнинг чет тилларида бемалол, ҳеч қандай қийинчиликсиз эркин ролга киришиши ўзбек олий ҳарбий таълим тизимининг нақадар юксалиб бораётганидан далолат бериб турарди. Ҳа, саҳнада чиндан ҳам профессионал рол ижро этаётган нопрофессионалларни кўриб турибмиз.

Шундан сўнг «Турон» ҳарбий теарти ўз чиқишларини бошлади. «Жалолиддин Мангуберди», «Темур Малик» саҳна кўринишларидан қўйилган парчалар курсантларнинг олқишлари билан кутиб олинди.

P/S. Билим юрти шахсий таркиби ушбу хабаримизни ўқиб, бизни нопрофессионалга чиқаришибди, деб асло ранжисмасин. Чунки театр йўналишида ижод қилаётган, узоқ йиллик машаққатларни енгиб ўтган, мухлислар эътиборини қозонган эл ардоғидаги санъаткорларни профессионал дейишади. Сиз ўз соҳангиз бўйича профессионалсиз. Аммо бугун саҳнада ўзингизга ёт бўлган соҳани ҳам профессионал даражада қойиллатдингиз. Барака топинг!

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти