“Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот…”

82

Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, дея қолдирган олтин сатрлари ҳар қайси замон ва маконда ўз исботини топган.

Шундай экан эртамизга эга чиқиши муқаррар бўлган бугуннинг ёшларини жисмонан ва руҳан етук этиб тарбиялаш, ғўрлик қилиб хато йўлларга қадам ташлаётганларига камолот йўлини кўрсатиш бугуннинг ҳам долзарб масаласи бўлиб турибди.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Қашқадарё вилояти Муборак ва Нуристон туманларида жойлашган ҳарбий қисмлар, шунингдек, Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртида профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаган ёшларни беш кунлик соғломлаштириш лагерлари ташкил этилди.

Фарзандларимиз қалбида ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлаш йўлида вилоят ҳокимлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят кенгаши, Ички ишлар органи ходимлари, Қашқадарё вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, “Нуроний” жамғармаси ва маҳалла фаоллари елкама-елка туриб меҳнат қилмоқда.

Ҳарбий қисм остонасидан оркестр садолари остида кириб келаётган ёшларни Ватан ҳимоячилари илиқ кутиб олиб, улар онгида юрт ҳимоячиси бўлишдек шарафли ҳисни шакллантириш мақсадида, ҳарбий либослар билан таъминлашди. Беш кун давомида ҳарбийлардек овқатланиш, спорт билан шуғулланиш, назарий ва амалий билимларни мустаҳкамлаш йўлида ўқиб ўрганиш, мухтасар айтганда, соғлом турмуш тарзига гувоҳ бўлган ёшларнинг аксарияти дилида юрт ҳимоячиси бўлиш мақсади шаклланди.

Ўтилаётган дарс ва машғулотлар, қилинаётган маърузаларнинг туб моҳияти ёшлар қалбида юртга садоқат ҳиссини шакллантириш билан бирга, олдиндаги ҳаётларида ўз вақтларини қандай тасарруф этиш кераклигини ўргатишдан иборатдир.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати