Ҳарбийлар мактаб очилишида

73

Тошкент вилояти Пскент туманидаги «Сувти» маҳалласида ўз тарихига эга, республикамизнинг барча соҳаларида илғор меҳнат қилаётган етук мутахассис кадрларни учирма қилган 18-мактаб бор. Мактаб маҳалланинг четроғида жойлашгани кейинги пайтларда ўқувчилар ва ўқитувчилар учун бироз ноқулайлик туғдираётган эди.

Мутасаддилар ўйлаб-ўйлаб бунинг ҳам самарали ечимини топди. Яъни, маҳаллада яна бир янги мактаб бунёд этилди. Мактаб-ку, қуриб битказилди, энди унинг тантанали очилиш маросимини ўтказиш керак. Бу борада ҳам жамоа ва маҳалла аҳлининг ақл-фароситига таҳсин айтиш керак. Улар шундай хайрли ишни Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига ишониб топширди. Унинг устига бугунги кунда она Ватан ҳимоясига камарбаста бўлиб хизмат қилаётган подполковник Ҳожиакбар Мадалиев айнан мана шу маҳаллада вояга етган.

Шундай қилиб тумандаги 16-мактаб катта тантаналар билан очиб берилди. Қуролли Кучлар академияси ҳарбий оркестри томонидан чалинган куй-қўшиқлар бутун маҳаллани тутди.

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқарма бошлиғи подполковник Ислом Орзиқулов бошчилигидаги бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар томонидан мактаб кутубхонасига китоблар жамланмаси тақдим этилди.

Таъкидлаш керакки, ушбу янгидан бунёд этилган таълим даргоҳи аввалдан мавжуд бўлган 18-мактабдан ажралиб чиққан. Шу боис унинг очилиш маросимига айнан шу мактабда таҳсил олган подполковник Ҳожиакбар Мадалиев ва унинг қуролдош дўстлари таклиф этилган эди.

* * *

Куннинг иккинчи ярмида шодиёналар 18-мактабда давом этди. У ерда «Беш ташаббус мактабимизда» номли катта тадбир уюштирилиб, унда мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилди, шеър ва қўшиқлар тингланди.

Шунингдек, подполковник Ҳ. Мадалиев ўқиган синфда унинг ўқитувчилари ва синфдошлари иштирокида «Раҳмат сенга, мактабим» номли учрашув ўтказилди. Устозлар ва синфдошлар беғубор мактаб даврларини эслашди. Қаҳрамонимизга илк сабоқ берган қалби дарё ўқитувчилар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

Ҳожиакбар ака устозларига ўзининг арзимас совғаларини улашди.

– Ҳожиакбар билан ҳамиша фахрланиб юрамиз. У маҳалламизнинг, биз синфдошларнинг чинакам фахри! – дейди унинг синфдош дўсти Жўрабек Салмонов. – Фарзандларимиз ҳам у каби Ватан ҳимоячиси бўлиши истаймиз. Бугунги учрашув эса бир умрга эсда қоларли бўлди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти