Инсон тарихий хотира туйғуси билан барҳаёт

136

Марказий ҳарбий округнинг ҳарбий хизматчилари ва ёшлар Самарқанд гарнизонининг олис ҳудудларидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси хонадонида бўлиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқда.

Жумладан, Жомбой туманидаги Ғаровтепа қишлоғида истиқомат қилувчи 96 ёшли Ғани ота Тожобоевнинг хонадони ҳам ҳарбийларнинг навбатдаги манзили бўлди.

Ўзининг тарихий хотираси билан ўртоқлашган Ғани ота шундай дейди: – Биз тенги авлоднинг бошимиздан не-не савдолар ўтмади, дейсиз. Мана, бугун бахтли болалик деган гаплар амалда. Ҳозирги ёшларга ҳавасим келади. Бизнинг болалик чоғимиз турмуш машаққатлари, очарчилик, оғир меҳнат билан ўтган. Далада туғилиб, далада ўсганмиз. Энди вояга етдик деганимизда, пешонамизда бор экан, уруш кўрдик. Юртимиздан олисларда қон кечиб, жангларда иштирок этдик. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азоб-уқубатларни кўрдик. Қавми-қариндошларим билан кўпчилик бўлиб кетиб, камчилик қайтиб келдик. Урушдан кейинги ҳаётимиз ҳам осон кечмади. Шу тарзда ҳаётнинг ўзи тарбиялаб, йўлга солди бизни…

Ташриф давомида ёшлар ўзларининг ёд олганлар шеърлари ва гўзал рақслари билан отахонни кўнглини тоғдек кўтарди.

Шу куни ҳарбий хизматчилар Нуробод туманидаги чекка ҳудуд ҳисобланган Тим қишлоғида бўлиб, уруш фахрийси Бойқувват отанинг ҳолидан ҳам хабар олишди.

 

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати