Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига. Боғ ҳудудида барпо этилаётган музейда ишлар фаол давом этмоқда

76

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Президентимиз ташаббусига кўра пойтахтимизнинг Олмазор туманида барпо этилаётган “Ғалаба” боғи ҳудудида шакллантириладиган музей бўйича ҳам ишлар қизғин давом этмоқда.

Унда Мудофаа вазирлиги томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳ ҳам фаол иштирок этиб, Иккинчи жаҳон урушига оид қизиқарли ва янги маълумотларни ҳамда экспонатларни тўплашда муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ушбу музейда халқимиз томонидан уруш йилларида фронтда ва фронт ортида кўрсатилган бемисл жасорат, фидойилик, бағрикенглик ва юксак инсоний фазилатлар акс этади. Тарихий воқеаларни экспонатларда, замонавий технологиялар ва интерактив усуллар ёрдамида акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Уруш йилларида Республикамизда умумқўшин тузилмаларидан ташқари 14 та миллий қўшилма ва қисмлар ташкил этилган эди. Кўпгина жанговар бўлинмалар Иккинчи жаҳон урушининг ҳал қилувчи операцияларида фаол иштирок этди ва Москвадан Берлингача бўлган жангларда қаҳрамонона йўлни босиб ўтди.

Музейда бу борадаги маълумотлар жамланади. Халқимизнинг ботир ўғлонлари томонидан жангларда кўрсатилган қаҳрамонликлар, уларнинг мамлакат ва хорижий давлатларнинг орден ва медаллари билан мукофотланиши, ўзбекистонлик генералларнинг фидойиликлари, разведкачиларимизнинг қаҳрамонликлари натижасида фашистлар томонидан жанубдан, яъни Афғонистон ҳудудидан “Учинчи фронт”ни очиш учун қилинган уринишлар батамом йўққа чиқарилгани, ўзбек аёлларининг уруш йилларидаги жасорати, партизанлар ҳаракати сафидаги юртдошларимиз ҳақида материаллар ҳозир тўпланмоқда.

Бундан ташқари урушда асир тушган, концлагерларда вафот этган ва бедарак кетган ватандошларимиз, Ўзбекистон фуқароларининг “Ишчи батальони”га сафарбар қилиниши ва ундан фронтга юборилиши воқеалари очиб берилади.

Ўша даврда Республика халқ хўжалигининг ҳарбий изга солиниши, пахта, ғалла, гуруч, картошка, мева-сабзавот, қуруқ мева, узум, гўшт, чарм-тери маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги техникаларининг фронтга жўнатилиши, эвакуация ва депортация қилинган турли миллатга мансуб инсонлар – болалар, аёллар, кексалар, илм-фан, таълим, адабиёт ва санъат намояндалари ҳамда бошқа соҳа вакилларини халқимиз бағрикенглик билан кутиб олиши, уларга бошпана бериб, меҳрибонлик ва ғамхўрлик намунасини кўрсатгани акс эттирилади.

Ўзбекистон уруш йилларида умумиттифоқ госпиталига айланган эди. Халқимиз фронт учун фидокорона меҳнат қилишдан ташқари маблағ ва иссиқ кийимлар ҳам тўплаб топширган. Ватанимизда янги саноат шаҳарлари барпо этилиб, бир қатор завод, фабрикалар қурилган, кўчириб келтирилганлари жойлаштирилган ҳамда конлар ўзлаштирилган. Шунингдек, янги темир йўл тармоқлари ётқизилган.

Халқимизга ва жангчиларга маънавий озуқа улашиш учун ижодкорлар томонидан ғалабага даъват этиб кўплаб асарлар ёзилган, фильм ва саҳна асарлари ишланган. Нафақат мамлакат ичкарисида, балки турли фронтларда ҳам ўзбек тилида газеталар чоп этилган.

Музей фондидан мазкур маълумотлар жой олади. Шунингдек, урушда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг номлари қайд этилган 33 жилдлик “Хотира” китоби, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан нашр этилган китоб-альбом ва бошқа экспонатлар жойлаштирилади.

Ёшин ҲАКИМОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти