Қаттақўрғонда ҳарбийлар уруш фахрийси билан учрашдилар

78

Марказий ҳарбий округ ҳарбий қисми ҳарбий хизматчилари Каттақўрғон туманининг Муртак қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 96 ёшли Рауп бобо Санақулов хонадонига ташриф буюрдилар.

Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ўзларининг эсдалик совғаларини топширдилар.

Каттақўрғон туманидаги 56-сонли умумтаълим мактаб ўқувчилари, 16-мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари, туман мудофаа ишлари бўлими ходимлари ҳам ҳарбий хизматчилар билан биргаликда уруш фахрийси хонадони меҳмони бўлишди. Ёшлар Ватан ҳақидаги шеърларни ўқиб бердилар. Ўз навбатида уруш фахрийси меҳмонларга суронли йиллар хотираларини ҳикоя қилиб берди.

Рауп бобо 1944 йилнинг ёзида урушга сафарбар этилди ва 1-Белоруссия фронти таркибида Белоруссия, Польша ва Кеннисберг (ҳозирги Калининград) ни озод қилишда ўз ҳиссасини қўшди. 298-ўқчи полк таркибида жангларда қатнашган Рауп Санақулов ўз қуролдошлари билан ғалабани Берлин остоналарида кутиб олди. Кўрсатган жасорати ва қаҳрамонликлари учун қатор орден ва медаллар билан тақдирланган.

Урушдан кейин Польшада ҳарбий билим юртини тугатиб, 1951 йилга қадар авиация полкида хизматни давом эттирган. 1951 йил ўз юртига қайтиб келган Рауп бобо аввалига техникумда, кейинчалик эса Самарқанд давлат университетида ўқиди. Узоқ йиллар давомида ёшларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ берди.

Турмуш ўртоғи Муқумтош ая билан 8 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказган Рауп Санақулов ҳозирги кунда 30дан ортиқ невара ва 50 ортиқ чеваранинг севимли бобоси.

Асрор РЎЗИБОЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти