Ҳарбийлар, фахрийлар ва ёшларнинг учрашуви бўлиб ўтди

38

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат тарғибот гуруҳининг навбатдаги манзили Юнусобод туманида жойлашган 240-сонли умумтаълим мактаби бўлди.

Бу ерда ўқувчи ёшлар, қўмондонлик ҳарбий хизматчилари ва туман Фахрийлар кенгаши аъзолари иштирокида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Тадбирда сўз олган фахрийлар ёшларга ўз ҳаёт йўллари ҳақида гапириб бердилар, кўп йиллик хизмат тажрибалари билан ўртоқлашдилар ҳамда ёшларнинг келажакда қайси касб эгаси бўлмоқчи эканликларига қизиқдилар.

Шунингдек, бугунги кунда ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш долзарб масала экани ва бу жараёнда уларнинг маънавий оламини бойитиш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Ўқувчи ёшлар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Ватанпарварлик, фидойилик ва юртга садоқатни тараннум этувчи шеърлар ўқилди.

Дилдан қурилган самимий суҳбат барчага бирдек манзур бўлиб, ёшлар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати