Олис Янгиқазған овулида ватанпарварлик тарғиботи акцияси ўтказилди

39

Ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ватанпарварлик тарғиботи гуруҳи томонидан амалга оширилаётган акция бу гал Навоий вилояти тасарруфидаги Конимех туманининг олис ва чекка Янгиқазған овулида ташкил этилди.

Овулга кириб борарканмиз, бу сафар ҳам ҳар доимгидек карвонни биринчи бўлиб жажжи кичкинтойлар қарши олишди. Ватанпарварлик тарғиботи карвонидаги машиналарга давлатимизнинг муқаддас рамзи – миллий байроғимиз ўрнатилган ва у мағрур ҳилпирайди.

Олдинда етакчилик қилиб кетаётган оператив машина тепасидаги чироқлар ўчиб-ёниб, сиренасидан таралаётган жарангдор овозлар карнай-сурнай садолари ўрнини босмоқда. Манзарадан худди ўткир сюжетли фильм кўраётгандек завқланган болаларнинг қувноқ қий-чуви чор-атрофни тутди. Акция ана шундай тантанавор руҳда бошланди.

Овул аҳли шу ердаги 5-сонли умумтаълим мактаби стадионига тўпланишган. Уларнинг рўпарасида хизматни дўндириб қўйиб, бугун ҳақли равишда пенсия гаштини сураётган фахрийлар қўр тўкиб ўтиришибди. Юқори синф ўқувчилари ташкилий ишларда устозларига кўмаклашмоқда.

Майдонга гулдурос қарсаклар остида жанговар мусиқа ижро этиб, Навоий вилоятида жойлашган Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий оркестри чиқиб келди.

Дилларга ҳаяжон, ғурур ва ифтихор бағишлаб миллий мадҳиямиз янгради.

Мудофаа вазирлиги масъул офицери полковник Ҳасан Халилов,  Қуролли Кучлар фахрийси, истеъфодаги подполковник Аббос Каримов, Конимех тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Кунсулув Норбоева, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби, Кармана туманидаги 4-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Иброҳим Ғаффоров ва бошқалар сўзга чиқиб, тадбир юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Камолиддин Рўзматов ва Иброҳим Ғаффоров ўз ижод намуналаридан, шунингдек, мактаб ўқувчилари ёд олган шеърларидан намуналар ўқиб беришди.

Шундан сўнг ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар ижро этилди.

Жанговар санъатга оид кўргазмали чиқишлар Навоий шаҳридаги Мудофаа вазирлигига қарашли Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари ҳарбий қисмларида ўз бурчини адо этаётган муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этиб берилди.

Ҳарбий хизматчилар ва овулнинг бўз йигитлари ўртасида уюштирилган арқон тортиш мусобақаси томошабинларнинг қизғин қўллаб-қувватлаши ва ҳайқириқлар остида кечди.

Улардан сўнг катталарга тақлидан мактабнинг кичкина синф ўқувчилари ҳам жамоаларга бўлиниб, арқон тортиш бўйича баҳслаша кетдилар. Ҳа, ҳарбий-ватанпарварлик туйғулари бўй кўрсатиб, куртаклар ниш ура бошлаганини англатарди, бу манзара. Тарғиботчилар уларга ва мактаб кутубхонасига бадиий китоблар совға қилишди.

Шундан сўнг қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди. Ёшлар қуролларни қўлларида тутиб суратга тушдилар ҳамда ҳарбий аслаҳалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга ҳарбий хизматчилардан жавоб олишди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар томонидан овулдаги кам таъминланган ва қўллаб-қувватловга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди ҳамда уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди.

Ёшин ҲАКИМОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти