Ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги болалар ва ўсмирлар ташкилотини тузиш таклифи билдирилди

36

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг миллий армиямизни янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Мудофаа, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими ҳамда Мактабгача таълим вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлиги вакиллари иштирокида Қуролли Кучлар академиясида ўтган тадбирда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига жалб қилиш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар ахборот маконидаги қарама-қаршилик, ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш кучайган шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр юритдилар. Улар томонидан ҳарбий ватанпарварлик йўналишидаги болалар ва ўсмирлар ташкилотини тузиш, унинг мақсад ва вазифаларини белгилаш, номи ва рамзини танлаш, лицей ва умумтаълим мактабларида, мактабгача таълим муассасаларида, таътил вақти болалар оромгоҳларида унинг бошланғич ташкилотлари фаолият йўналишларини аниқлаш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар органлари офицерларини алоҳида тоифадаги шахслар билан самарали тарғибот ишларини йўлга қўйиш, зарур ҳолларда ёт ғояларга қарши ўқув курсларини ташкил этиш, ҳарбий пенсионерларни тегишли мутахассисликларга тайёрлаш, уларни ишга жойлаштириш орқали ёшларни тарбиялаш жараёнига жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.

Брифинг якунида ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси бўйича вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги ҳамкорлик, ўртага ташланган таклифлар бўйича тегишли хулосалар қилинди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти