Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисмларидан бирида ўқувчи ёшлар билан “Ҳарбий қисмда бир кун” акцияси ўтказилди

54

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг 2018 йил 4-август кунидаги ПҚ-3898-сонли қарорига асосан Мудофаа вазирлигининг барча ҳарбий қисмларида ҳафтанинг жума куни “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” деб белгиланган.

Қарор талабларини бажариш мақсадида ҳарбий қисмларда ҳар жума куни турли маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисмда бўлиб ўтди.

Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, Фарғона ҳарбий прокуратураси ва халқ таълими шаҳар бўлими билан ҳамкорликда ёшларимизни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий-маърифий дунёқарашини юксалтириш, уларда меҳнатсеварлик, ирода каби инсоний сифатларни шакллантириш мақсадида “Ҳарбий қисмда бир кун” акцияси ўтказилди.

Фарғона шаҳридаги умумтаълим мактабларидан жалб этилган 250 нафардан ортиқ ўқувчи-ёш бир кун давомида ҳарбий қисмда бўлдилар. Улар қисм кун тартибига асосан машғулотларда иштирок этдилар. Шу мақсадда 40 дан зиёд ўқув нуқталари ташкиллаштирилди.

Дастлаб, ўқувчилар ҳарбий қисм тарихи билан танишдилар. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси, ҳарбий қисм кутубхонаси, ҳарбий хизматчиларнинг дам олишлари учун мўлжалланган маданий ҳордиқ чиқариш маркази, ҳарбий хизматчиларнинг яшаш шароитлари билан танишдилар.

Ёшлар, шунингдек, ҳарбий қисм ошхонасида ҳарбий хизматчилар билан бирга тушлик қилди.

Хуллас, ўқувчи-ёшлар ҳарбий хизматчиларнинг кун тартибидаги барча машғулотларни уларнинг раҳбарлигида бажарди.

Барча машғулотларда ўқувчиларнинг иштироки баҳолаб борилди.

“Маданият маркази”да акциянинг якунига бағишланган тадбир ўтказилди.

Машғулотларда фаол қатнашиб, юқори натижаларга эришган ўқувчи-ёшлар ҳарбий қисм қўмондонлигининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати