Бу уйларда ҳали кўплаб бўлғуси Ватан ҳимоячилари улғаяди

11

Наманган вилоятининг Поп туманидаги Ғурумсарой ҳарбий шаҳарчасида навбатдаги кўп қаватли турар-жой биноси фойдаланишга топширилди.

Яқин-яқингача ҳам Попнинг бу мавзеси тоғли туманнинг салмоқли ҳудуди сингари кимсасиз, ҳувиллаган бепоён тошлоқ кенглик бўлиб, чўпонлар ва қўй сурувлари ҳамда водий билан пойтахт орасида қатновчи машиналарни айтмаса ижтимоий ҳаёт нафаси сезилмас эди.

Кейинги йилларда миллий армиямизни тубдан ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар доирасида бу ерда ҳарбий қисм қароргоҳи, босқичма-босқич ҳарбий хизматчилар учун кўп қаватли турар-жой бинолари, инфратузилма иншоотлари барпо этилиб, кўз ўнгимизда мўъжазгина шаҳарча пайдо бўлиб қолганлигини ҳам сезмай қолдик.
Қуролли Кучларимиз ташкил топганлигининг 28 йиллиги ҳамда 14-январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида мазкур шаҳарчада янги барпо этилган 32 хонадонли уйнинг топширилишига бағишланган тантанали маросим нафақат ҳарбий хизматчилар, балки шу атрофда истиқомат қилаётган маҳаллий аҳоли учун ҳам ўзига хос байрам бўлди.

Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, вилоят ҳарбий маъмурий сектори раҳбари – вилоят ҳокими, мудофаа ишлари бошқармаси, ҳарбий қисмлар раҳбарияти, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик, ёшлар ва нуронийлар вакиллари иштирокида ўтказилган маросимда тинчлик деган беқиёс неъматнинг қадри, ватан ҳимоячисининг шарафли касби, миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизматчилар учун берилаётган имтиёзлар, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритилди.

– Президентимиз томонидан давлатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар доирасида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор миллий армиямиз нуфузининг юксалиб боришида, ҳарбий хизмат йигитлар учун улкан шарафга айланиб боришида муҳим омил бўлмоқда, – дейди Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Л.Бузруков. – Округимиз бўйича ўтган йилнинг ўзида 400 нафардан зиёд ҳарбий хизматчи оиласи имтиёзли ипотека шартлари асосида, шунингдек 50 нафардан кўпроғи хизмат уйлари билан таъминланди. Айни пайтда 56 нафар, жумладан хизмат бурчини ўтаётган чоғда ҳалок бўлган 13 нафар ҳарбий хизматчининг фарзанди олий ўқув юртлари имтиёзли асосларда ўқияпти. 300 нафар офицер ва сержантларнинг турмуш ўртоғи иш билан таъминланди. Бу уларнинг турмуш ташвишлари билан чалғимай, ватанимиз тинчлик-осойишталигини қўриқлашда масъулият ва фидойилик билан хизмат қилишида катта аҳамият касб этади.

Тадбирда бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг оиласига янги уйдан хонадонлар калити тантанали равишда топширилди.

– Ушбу ҳарбий қисмда шартнома асосида уч йилдан бери хизмат қилиб келяпман, — дейди оддий аскар Д.Эгамов. – Қўмондонлик, ҳарбий қисм раҳбарияти томонидан аслида беминнат бурчим бўлган хизматларим муносиб эътироф этилиб, уй билан таъминланишим, мени ватанимизга янада садоқат билан хизмат қилишга ундайди.

Дарҳақиқат, тадбирда бўй-бастига мослаб махсус тикилган ҳарбий либосдаги жажжи болакай ва қизалоқлар ота-оналари ёнида “Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан”, дея мағрур юрганлиги эътиборни тортади. Демак, бу уйлардаги хонадонларнинг ҳар биридан яна ўн-ўн беш йилдан кейин икки-уч нафардан ватан ҳимоячиси чиқиб келса ажаб эмас.

Шу куни Ғурумсарой дала ўқув майдонида янги қурилган ҳарбийлар ётоқхонаси, сафарбарлик чақируви резерви батальонида ошхона фойдаланишга топширилди.

Тадбирларда вилоят ҳарбий маъмурий сектор раҳбари, вилоят ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

ЎзА