Ҳарбийлар Қодирий ижод мактабига саёҳат қилишди

54

Абдулла Қодирий маънавий меросидан баҳраманд бўлмаган, унинг ўлмас асарлари, бадиий ғоялари кириб бормаган ўзбек хонадони бўлмаса керак. Улуғ адиб яратган образлар миллат тарбияси, бўз йигитлар ғурурини ўстиришга хизмат қилади. Хусусан, Отабек, Анвар каби образлар ҳар бир ўзбек ўғлони учун комиллик тимсолидир…

Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий хизматчиларинг ўқув йили давомида ўзлаштириш учун белгиланган адабиётлар орасида Қодирий бобомиз асарлари алоҳида ардоқ билан қайта-қайта мутолаа қилинади. Айниқса, муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскарларнинг ҳарбий қисм кутубхонасидаги қайд дафтарчаларига аҳамият қаратсангиз, Қодирий бобомизнинг асарларига кўплаб мурожаат этилганига гувоҳ бўласиз…

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли Чирчиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ Ватан ҳимоячилари Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби,  музей ва “Турон” кутубхонасига экскурсия уюштирди.

Даставвал, ижод мактабининг ҳавас қилса арзигулик жамоаси, илмга чанқоқ ўқувчиларининг дарс жараёнлари билан танишган ҳарбий хизматчилар, ёшларга ҳарбий хизматнинг шарафи ва машаққати хусусида сўзлаб берди. Турли фанлар бўйича савол-жавоблар қилди.

Шундан сўнг, Қодирий бобомиз ҳаёти ва ижоди, ХХ асрнинг биринчи чорагидаги адабий муҳит, санъат ва маданият ҳақида “сўзловчи” экспонатлар муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскарларда катта таассурот қолдирди. Ўзига хос замонавий декаратив безаклар кишига турли кайфият улашади.

Ҳарбий қисмимизда кечки информацион дастурларда Президентимизнинг Абдулла Қодрий ижод мактаби ва музейга ташриф буюрганларини кўриб, муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар ҳам мазкур даргоҳга бориш истагини билдирди. Бу, албатта, уларнинг тасаввурини бойитади. Ўзлари севиб ўқийдиган адиб ҳақида янада кўпроқ маълумот олишлари учун ҳам асқотади, – дейди майор Улуғбек Панжиев.

Улкан таассуротлар оғушида кечган экскурсия якунида ҳарбий хизматчилар муҳташам “Турон” кутубхонасининг бой бадиий хазинасини кўздан кечирди.

Алибек ОМОНТУРДИЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти