Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчиларига яна бир байрам совғаси

10

Бу йилги Ватан ҳимоячилари куни Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли Андижон вилоятида жойлашган ҳарбий қисм шахсий таркиби учун ҳам унутилмас воқеаларга бой бўлди.

Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида ушбу ҳарбий қисмда кўркам, қулай, барча зарур шарт-шароитларга эга замонавий ҳарбий шаҳарча қуриб фойдаланишга топширилди. Шаҳарчада жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш хонаси, маданият маркази, тиббиёт муассасаси, ўқув биноси, икки қаватли ётоқхона, спорт мажмуаси, қоровулхона ва қоровулларни тайёрлаш шаҳарчаси қад ростлади. Штаб биноси тўлиқ реконструкция қилинди.

Ҳарбий қисмга кириб борар экансиз, ландшафт дизайни билан кўкаламзорлаштирилган йўлакларни кўриб, баҳри дилингиз очилади. Бинолар томон юрганингизда йўл бўйлаб тизилган фотосуратлар орқали миллий армиямиздаги ислоҳотлар билан танишиб бораверасиз.

Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик синфлари, кутубхона, электрон кутубхона, ёшлар иттифоқи ҳарбий қисм бошланғич ташкилоти етакчиси хонаси ҳамда Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган беш муҳим ташаббус йўналишлари бўйича тўгаракларни ўз ичига олган ўқув биносида нафақат ҳарбий хизматчилар, балки уларнинг оила аъзолари, фарзандлари учун ҳам барча қулайликлар яратилган.

Мазкур шаҳарчанинг очилиш маросимида қўшинлар қўмондони, Андижон вилояти ва Хонобод шаҳар ҳокимлиги вакиллари, кенг жамоатчилик аъзолари, Қуролли Кучлар фахрийлари ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Урф-одат ва анъаналарга кўра, Андижонликлар меҳмонларни нон-туз билан қарши олдилар.

Қўшинлар қўмондони полковник Журъат Яқубов барчани байрам билан муборакбод этиб, ҳарбий қисм шахсий таркиби яратилган бундай шароитлардан оқилона фойдаланган ҳолда, жанговар-хизмат фаолиятида янада юқори натижаларга эришишига ишонч билдирди. Шундай сўнг ҳарбий шаҳарчанинг рамзий ва енгил автомашина калитлари тантанали тарзда топширилди.

Меҳмонлар биноларни ҳавас билан кўздан кечирар эканлар, бу каби ғамҳўрлик ҳар қандай инсонни руҳлантириши ва янги марралар сари олға ундашини таъкидладилар. Ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги чиқишлари ва ўқувчи ёшлар томонидан беш ташаббуснинг ҳар бир йўналиши бўйича қилинган кўргазмали чиқишлар ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Хонобод шаҳар маданият маркази санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса барчага байрамона кайфият улашди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати