Пойтахтимизда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди

10

Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган ушбу тадбир  Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Шариф Мўминжонов, Мудофаа вазирининг ўринбосари полковник Хамдам Каршиев «Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!» шиори остидаги бундай марафонлар мамлакатимизнинг барча вилоятларида юқори савияда ташкил этилаётганини таъкидлаб, барча иштирокчиларга омад тилади.

Қуролли Кучлар давлат музейидан старт олган марафонда пойтахтимиздаги минглаб йигит-қизлар, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи тузилмалардаги ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий ҳамда спорт таълими муассасаларининг профессионал ва ҳаваскор атлетлари иштирок этди.

Югуриш йўлагининг икки ёни бўйлаб юртдошларимиз қарийб ўн километрлик (9300 метр) масофани босиб ўтган мусобақа иштирокчиларини олқишлар билан қўллаб-қувватлаб турди.

Муҳташам «Халқлар дўстлиги» санъат саройи майдони олдидаги марра чизиғини бирин-кетин кесиб ўтган чопағонлар мусобақасида эркаклар ва хотин-қизлар орасидан алоҳида ғолиблар аниқланди.

Жумладан, эркаклар ўртасида Ўзбекистон енгил атлетика терма жамоаси аъзоси Евгений Фадеев 1-ўринни эгаллади. Oтабек Тошқувватов (Мудофаа вазирлиги) иккинчи ва Зикрилло Маматқулов (Ички ишлар вазирлиги) учинчи ўринни қўлга киритди.

Хотин-қизлар ўртасида эса «Рио – 2016» олимпиадаси иштирокчиси, Мудофаа вазирлиги спортчиси Марина Хмелевская мутлоқ ғолиб бўлди. Нурхон Муҳиддинова (Мудофаа вазирлиги) ва Камола Аблаева (Ўзбекистон енгил атлетика терма жамоаси) кучли учликни тўлдирди.

Ғолибларга мусобақа ташкилотчилари томонидан таъсис этилган қимматбаҳо совғалар топширилди.

Катта спорт фестивалига айланган югуриш мусобақаси байрамона концерт дастурига уланиб кетди.

Эл ардоғидаги санъаткорлар, таниқли хонандалар, қолаверса, Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий оркестрининг бадиий-мусиқий чиқишлари йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти