Жиззах гарнизонида куч тузилмалар билан ҳамкорликда ўтган тадбирда 500 га яқин ёшлар қатнашди

10

Жиззах гарнизонидаги куч тузилмалар билан ҳамкорликда «Мен ҳам ҳарбий бўламан!» мавзусида ҳарбийлар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказий ҳарбий округ ва Миллий гвардия қўмондонлиги, ДХХ Чегара қўшинлари бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти Кенгаши ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёш ҳарбий хизматчилар, ўқувчилар иштирок этди.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилган тадбир Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион марказида ўтказилди.

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Улуғбек Дўсматов сўзга чиқиб, миллий армиямиздаги ўзгариш ва янгиланишлар, 2020 йилда округ қўмондонлиги олдида турган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Дастлаб, тадбир давра суҳбати тарзида ўтказилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Шунингдек, Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактабининг истеъдодли ўқувчилари ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг тасвирий суратларини чизиб боришди ва тадбир якунида суратлар эгаларига совға қилинди.

500 нафарга яқин ёшлар иштирок этган мазкур тадбирда ҳарбийлар томонидан куй-қўшиқлар, саф ва қўл жанги кўргазмаси намойиш этилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати