Муҳташам “Халқлар дўстлиги” санъат саройи майдонида ватанпарварлик фестивали ўтказилди

18

«Халқлар дўстлиги» санъат саройининг олд майдони – пойтахтимизнинг аҳоли гавжум нуқталаридан бири. Шу кунларда бу кўчага йўлингиз тушса, ўзингизни худди ҳарбий шаҳарчага тушиб қолгандек ҳис этишингиз тайин. «Халқлар дўстлиги» метро бекати томондан келар экансиз, икки ёнда жанговар техника ва қурол-аслаҳаларни томоша қилмай ўтиб кетолмайсиз.

Муҳташам санъат саройи эшигининг шундоққина олдида эса байрамнинг бадиий саҳнаси ўрнатилган. Хушовоз хонандалар, таниқли санъаткорлар ижросидаги концерт дастури ана шу ерда янграйди. Айниқса, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ва Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий оркестрининг бадиий чиқишлари кўнгил тубидаги инсоний туйғуларни янада жўш урдиради.

Суҳандон дастур орасида она Ватан, ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги шеърлардан ёд айтиш учун жажжи болажонларни саҳнага таклиф этади. Шунингдек, Ватан ҳимоячиларини касб байрами муносабати билан эзгу табриклар ила қутлаш имконияти яратилган. Умуман, ушбу майдонда таниган-танимаганлар ўзаро бир-бирини байрам билан муборакбод этади. Бу кайфият, шоду хуррамлик тадбир шиорига ҳам мос ва хос: «Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!»

Мудофаа ва Маданият вазирлиги ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тантанали тадбир юртдошларимизга байрамона кайфият бағишлаб, уларнинг кўнглида бугунги тинч ва осуда ҳаётимизга шукроналик ҳиссини уйғотди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти