Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталида янги, замонавий бино фойдаланишга топширилди

58

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталининг “Юқумли касалликлар” биноси капиталдан таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.

Унда  Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Хамдам Каршиев, Республика Вирусология илмий-тадқиқот институти директори – Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош инфекционисти, тиббиёт фанлари доктори, профессор Эркин Мусабоев, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Наргиза Парпиева ва бошқа меҳмонлар иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар бугун ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яхшилаш вазифаси ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ичида салмоқли ўрин эгаллаётганини, шу кунгача соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар қилинганини, ўтган давр мобайнида Мудофаа вазирлигида  қўшинларнинг тиббий таъминотини такомиллаштириш борасида бир қатор устуворликка эришилгани алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Рамзий ленталар қирқилди. Меҳмонлар бино ичкарисига киришди. Кенг, ёруғ ва шинам йўлаклар, озода ва кўркам хоналар кишининг баҳри дилини очади. Бино уч қаватдан иборат бўлиб, унда жадал даволаш, ҳаво-томчи ва ичак инфекцияси, тери-таносил ва сил касалликлари бўлими жойлашган. Замонавий тиббий асбоб-анжомлар билан таъминланган лабаротория эса беморларга тўғри, аниқ ташхис қўйиш  ва сифатли хизмат кўрсатишда муҳим омил бўлади.

Меҳмонлар ҳарбий шифокорлар бошчилигида бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишар экан,  йил сайин замонавий қиёфа касб этаётган Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталидаги янгиланишлар  ҳукуматимизнинг ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатаётган юксак эътибори ва ғамхўрлигининг ёрқин ифодаси эканлигини  эътироф этишди.

Шу куни ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда Қуролли Кучлар фахрийларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, Мудофаа вазирлиги тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишларига муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бир гуруҳ тиббиёт ходимлари рағбатлантирилди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти