Айдаркўл соҳилларида илк бор ҳарбийлар ва овчилар иштирокида ҳамкорликдаги ўқув-услубий йиғин ўтказилди

20

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси билан ҳамкорликда экстремал шароитларда яшовчанлик бўйича икки кунлик ўқув услубий йиғин ўтказди.

Жиззах вилоятида жойлашган Айдаркўл соҳилларида ўтказилган йиғинда 60 га яқин овчилар ва ҳарбийлар иштирок этди.

Дастлаб, ҳудудда дала чодирлари тикилди ҳамда ҳарбий қурол-аслаҳалар ва ов учун мўлжалланган қуроллар кўргазмаси ташкил этилди. Унда ҳар бир қуролнинг ўзига хос жиҳатлари ва унинг хусусиятлари ўрганилди.

Йиғиннинг биринчи куни соҳилдан егулик излаш билан бошланди. Ҳарбийлар ва овчилар гуруҳларга бўлиниб, овчи итлар ёрдамида из олиш, уни қидириб топиш, қайиқларда ёрдамида балиқ овлаш каби машғулотларига жалб этилди.

– Ҳарбийлар ва овчилар ўртасида ўқув услубий йиғин илк маротаба ўтказилмоқда. Икки касбни бир-бирига ўхшаш жиҳатлари кўп, – дейди Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари полковник Пўлат Сотволдиев. – Мерганлик, жисмоний чиниққанлик ва экстремал шароитлардан яшаб кетиш каби жиҳатлар бу икки касбни бир-бирига яқинлаштиради. Бу ерда олов ёқиш, овланган парранда ва балиқни овлаш, гўштидан ҳар хил турдаги таомлар тайёрлаш каби амаллар бажарилди. Тажриба ва натижалар гулхан атрофида муҳокама қилинди. Шунингдек, йиғинда қуш ва ҳайвонлар овозини ўхшатиш ва уларни ўзига жалб қилган ҳолда ов қилиш маҳоратлари борасида тажриба алмашилди.

Йиғин якунида ҳарбийлар ва овчилар томонидан егулик учун овланган ҳайвонлар, паррандалар ҳамда балиқлар сарҳисоб қилинди. Унга кўра, маҳоратли овчилар, балиқчилар аниқланди.

Энг илғор овчи ва ҳарбийларга округ қўмондонлиги томонидан фахрий ёрлиқ ва дипломлар топширилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати