«Менинг армиям – менинг фахрим!» танлови ғолиблари тақдирланди

21

Бугун, 10 январь куни Тошкент фотосуратлар уйида «Менинг армиям – менинг фахрим!» ижодий ишлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу танлов ҳар йили 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда республикамизда истиқомат қилаётган эркин ижодкорлар ўртасида Қуролли Кучлар давлат музейи ва Ўзбекистон Бадиий академияси иштироки ва кўмагида ўтказиб келинади.

Танловда 56 нафар муаллифнинг 255 дан ортиқ ижодий ишлари, фотосуратлар, Қуролли Кучлар фахрийлари портретлари, баннерлар, кўргазмали-тарғибот воситалари каби асарлар намуналари намойиш этилди.

Кўрик-танловда ҳаваскорлар йўналиши бўйича қуйидагилар ғолиб деб топилди:

  • фотография, фотоколлаж йўналиши бўйича – Жасур Жумаев;
  • тасвирий санъат графика, миниатюра йўналиши бўйича – Низомжон Турабаев;
  • кўргазмали-тарғибот воситалари (плакат, баннер, флаер) – Асилбек Раджабов.

Профессионал йўналишда ғолиб бўлганлар:

  • фотография, фотоколлаж йўналиши бўйича – Исломжон Қўчқоров;
  • тасвирий санъат графика, миниатюра йўналиши бўйича – Хушнида Турсунова;
  • кўргазмавий-тарғибот воситалари (плакат, баннер, флаер) – Нозимахон Раҳимова.

Танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, Қуролли Кучлар давлат музейи директори Мусаллим Нуриддинов, фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари қатнашди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти