Ҳарбий қисмга байрам арафасида мудофаа вазирининг совғаси топширилди

94

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмларида Ватан ҳимоячилари куни арафасида қатор янги бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, қўмондонлик бўлинмаларининг деярли барчасида улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Ана шундай қувончли воқеаларнинг навбатдагиси Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош туманидаги харбий қисмда янгидан бунёд қилинган аскарлар ошхонаси ва Мудофаа вазирининг совғаси “Нексия-3” енгил автомашинасини тантанали топшириш маросими бўлди.

Ушбу тадбирда Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонининг моддий-техник таъминот бўйича ўринбосари подполковник Жамшид Мусурмонов, қўмондонлик кадрлар бўлими бошлиғи подполковник Худаёр Қаландаров, Тахиатош тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулфия Сапарова ҳамда бошқа бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олганлар шахсий таркибни байрам билан муборакбод этиб, жанговар-хизмат фаолиятида улкан муваффақиятлар тиладилар, фойдаланишга топширилган бино ва енгил автомашина ҳарбий хизматчиларни янада руҳлантириб, хизматда шижоат ва мардликни оширишига ишонч билдирдилар.

Шундан сўнг, рамзий лента кесилди ва енгил автомашина калити тантанали равишда топширилди.

Байрам муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар, шунингдек ҳарбий хизматчиларга дастлабки ва навбатдаги ҳарбий унвонларни топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир қатнашчилари 100 кишига мўлжалланган аскарлар ошхонасини кўздан кечирар эканлар, бу ердаги шарт-шароит ва қулайликлардан мамнун бўлдилар.

Бир сўз билан айтганда, ҳарбий қисмга ташриф чин маънодаги байрамга айланди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати