Ҳарбийлар учун кутилмаган ташриф ва ажойиб табрик

11

Қарши давлат университети устоз мураббийлари ва бир гуруҳ талабалар Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ бошқарув аппаратига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан ҳарбий хизматчиларни қутлаш мақсадида олийгоҳ томонидан уюштирилган байрам дастури барчага бирдек манзур бўлди.

Устоз мураббийлар томонидан билдирилган илиқ тилаклар ва истеъдодли талабалар томонидан ўқилган Ватанни, уни ҳимоя қилишдек шарафли бурчни улуғловчи қайноқ шеърлар гулдастасидан кўнгиллар кўтарилди. Жонли ижродаги куй-қўшиқлар мароқли ҳордиқ учун имкон яратди.

Шунингдек юрт ҳимоячиларига университет томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Ушбу кутилмаган ташриф ва табриклар ҳарбийлар учун ҳақиқий байрамона кайфият улашди.

Тадбир давомида меҳмонлар округ кутубхонасидаги шароитлар ва унинг фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати