Навоий вилоятида аскар оналари шарафланди

14

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли Навоий вилоятида жойлашган ҳарбий қисмлар муддатли ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оналари учун бугун кутилмаган, ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди.

Хусусан, байрамона дастурхон ёзилиб ташкил қилинган “Аскар оналарини шарафлаймиз!” тадбирида Навоий вилоятидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига ўз йигитлик бурчини ўташ учун юборилган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг оналари таклиф қилиндилар.

Дастлаб, вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда фахрийлар барчани байрам билан муборакбод этдилар.

Шундан сўнг муддатли ҳарбий хизматчиларнинг байрам табриклари ёзиб олинган видеолавҳа намойиш қилинди.

Бироқ, тадбирнинг энг ҳаяжонли дақиқалари ҳали олдинда эди. Бошловчилар барчанинг диққатини кириш эшиклари томон қаратганда, мусиқа садолари остида қўлларида гулдасталар билан шахдам қадам ташлаб кириб келаётган аскар ўғилларини кўриб, онажонлари қувонч кўз ёшларини тўхтата олмадилар. Ширин дийдор онлари шеъру, қўшиқларга, рақсларга уланиб кетди.

Шу куни ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг волидалари ҳам тадбирга таклиф этилиб, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди, шарафланди.

Муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали қўл жанги чиқишлари, шунингдек ҳарбий қисмларнинг ўқув-услубий базаси, моддий таъминот меъёрлари ҳам йиғилганларга намойиш қилинди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати