Ҳарбийлар ҳам спортда, ҳам ошпазликда  маҳоратларини намойиш этишди

99

Мудофаа вазирлиги Тоифаланаган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигида “Куч – бирликда” шиори остида спорт ва ошпазлик мусобақалари ўтказилди.

Мусобақаларда ҳарбий хизматчилар олтита жамоага бўлиниб, спортнинг футбол, арқон тортиш ва ҳарбийлаштирилган эстафета доирасида югуриш, ўқ отар қуролларни нотўлиқ қисмларга ажратиш, пневматик қуролдан ўқ отиш, шахсий ҳимоя воситаларини кийиш каби беллашувларда иштирок этдилар.

Бир вақтнинг ўзида ушбу жамоаларнинг бошқа вакиллари ўзбек миллий таоми ошни тайёрлаш бўйича ҳам мусобақада қатнашдилар.  Олтита жамоа олти турдаги ошни дамлашга ҳаракат қилди. Чойхона палов, тўй оши,  тошкентча ош,  етти мўъжиза деб номланган ошлар дамланиб,  дастурхонлар безатилди.  Мусобақалар жараёнини Мудофаа вазирлиги ва қўмондонлик раҳбар ходимлари кузатиб бордилар.

Қўшинлар қўмондони полковник Журъат Якубов барчага иштирок учун миннатдорчилик билдириб, бундай мусобақалар энг аввало, шахсий таркибнинг ахлоқий-руҳий ҳолатини яхшилашда, жамоани жисплаштириш ва ҳарбий биродарликни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади ва келгусида бунданда яхши натижаларга эришишларини тилади.

Натижаларга кўра, яккалик ва умумжамоа ҳисобида ғолибликни қўлга киритган ҳарбий хизматчилар фахрий ёрлиқ, диплом, кўчма кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати