Сурхондарёда ҳарбий хизматчилар ўртасида вилоят ҳокими соврини учун танлов ўтказилади

61

Сурхондарё вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи мобайнида қўйган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳоким Тўра Боболов раҳбарлигида ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Жанубий оператив йўналиш бошқаруви гуруҳи раҳбари полковник Қодир Турсунов, ишчи гуруҳ аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий қисм командирлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.

Йиғилишда асосий масала вилоятда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ўртасида  “Амир Темур ўғлонлари” ва “Жалолиддин Мангуберди ворислари” номидаги вилоят ҳокими соврини учун танловларини юксак савияда ташкиллаштириш ва ўтказишга қаратилди.

Сўзга чиққанлар танловни ўтказишдан кўзланган мақсадларга тўхталиб,  ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбийларни жисмоний тарбия билан фаол шуғулланишга жалб этиш, Сурхондарё вилоятининг бахшичилик, достончилик ва Алпомишдек қаҳрамонларга тенглашиш каби анъана ва қадриятларини уларнинг онгига сингдириш, ҳарбийлар ўртасида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб бериш, тарихий хотира, миллий ғурур, комил инсон тарбияси билан боғлиқ туйғу ва тушунчаларни сингдириш, аждодларимизнинг бу борадаги меросини бугунги тараққиёт талаблари билан узвий ҳолда ривожлантириш кабиларни алоҳида таъкидлаб ўтишди.

 Танлов “Китобхонлик ва китоб мутолааси”, “От миниш маҳорати”, “Бахшичилик ва достончилик санъати” ҳамда “Тасвирий санъат” йўналишларида ўтказилади. Танловнинг биринчи босқичи декабрнинг 15 санасигача ҳарбий қисм, туман ва шаҳар тизимида бўлиб ўтади. Ушбу бочсқичда ғолиб бўлганлар Вилоят босқичида беллашади.

Танловнинг барча босқичларидан ўтиб, танловнинг вилоят босқичида белгиланган йўналишлар бўйича ғолибликни қўлга киритганлар
I-ўрин учун 15 млн. сўм, II-ўрин учун 10 млн. сўм, III-ўрин учун 5 млн. сўм миқдоридаги пул мукофотлари ҳамда диплом билан тақдирланади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти