Ҳарбийлар “MEGA PLANET” кўнгилочар савдо мажмуасида байрам концертини тақдим этишди

43

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари томонидан Асосий қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган навбатдаги байрам тадбири пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган “MEGA PLANET” кўнгилочар савдо мажмуасида бўлиб ўтди.

Мазкур байрам тадбири Мудофаа вазирлиги Махсус авария тиклаш бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Тадбирда қўмондонлик ҳарбий хизматчилари томонидан Бош қомусимизни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, “Импульс” вокал инструментал ансамблининг гўзал куй-қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

–  Мен ушбу мажмуага келганимда, тасодифан мана шу концерт дастурининг гувоҳи бўлдим, – дейди педагогика фанлари номзоди Рисолат Рустамова. – Ватанимиз посбонлари Конституциямизнинг
27 йиллигига бағишланган ажойиб концерт дастурини намойиш этишди. Бугунги концерт, юртимизда халқ ва армия якдиллиги ниҳоятда юқори даражага кўтарилганини яққол намоён этиб турибди.

Ҳарбийларимиз томонидан давлатимиздаги барча байрамлар, муҳим саналар олдилар мана шундай тадбирларини ўтказиш яхши анъанага айланди. Биз бундан ниҳоятда хурсандмиз, ушбу тадбирлар янада кўпайишини ҳоҳлаймиз, чунки бундай тантаналарни кўриб, фарзандларимизнинг ҳарбий бўлишга қизиқиши янада ортмоқда, қалбларида ватанпарварлик ҳислари шаклланмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, барча ватандошларимизни Конституциямизнинг 27 йиллиги билан муборакбод этаман.

Байрам тадбирлари республикамиз бўйлаб давом этмоқда.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати