Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги назоратдан ўтказилди

39

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисмларнинг бирида навбатдаги ўқув машғулоти ўтказилди.

Бошқарув аппарати офицерлари назорати остида берилган “Йиғин” сигнали барча ҳарбий хизматчиларга ўз вақтида етказилди ва қисм жанговар шай ҳолатга келтирилди.

Ўқув йиғинининг мақсади ва вазифалари қисқача етказилгандан сўнг, барча хизмат вазифасини бажаришга киришди. Саф тайёргарлиги назорати жараёнида аскарларнинг йўл қўйган камчиликлари кўрсатилиб, малакали ҳарбийлар томонидан кўрсатмалар берилди.

Қисқа муддат ичида жанговар шайликка келтириш, жисмоний тайёргарликни намойиш этиш, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, жангда яраланган ҳарбийларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш сингари амалий машғулотларда ҳарбийларнинг юқори тайёргарликка эга эканликлари намоён бўлди.

Дала-ўқув майдонида ўтган отиш тайёргарлиги жараёни ҳам Ватан ҳимоячиларининг чапдаст ва моҳир эканликларининг исботи бўлди. Белгиланган нишонлар аниқлик билан йўқ қилинди.

Бундай ўқувлар тинчлигимиз посбонларининг жисмоний ва руҳий тайёргарликларини янада мустаҳкамлаш, жанговар вазиятларда тўғри ҳаракатланишини таьминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати