Ҳарбийлар иштирокида йўл ҳаракати хавфсизлигига  оид профилактик тадбир ўтказилди

113

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги Бошқарув аппаратида “Йўл тартибни ёқтиради” мавзусида профилактик тадбир ўтказилди.

Унда Тошкент гарнизони Ҳарбий автомобиль назорати хизмати бошлиғининг ўринбосари майор Азиз Аҳроров иштирок этди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчиларга транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчининг йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига  қатъий риоя қилиши, энг аввало унинг ўзи, қолаверса йўловчилар хавфсизлигини кафолатловчи энг муҳим масала экани тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, ўтказилаётган мазкур тадбирдан мақсад, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда, ҳарбий хизматчилар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилгани ҳам алоҳида таъкидланди.

– Қонун-қоидаларни билмаслик ёки уларни унутиб қўйиш жазодан озод қилиниш учун асос бўлолмайди. Чунки, қонун барча учун баробар, унга ҳамма қайси касбда бўлишидан қатъий назар амал қилиши шарт. Биз бугун ана шу ҳақиқатни яна бир бор ҳарбий хизматчиларимизнинг ёдига солишга ҳаракат қилдик, – дейди тадбир ташкилотчиси подполковник Ориф Аҳмедов.

Мулоқот давомида ҳарбий хизматчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, мавзуга оид видеолавҳалар намойиш этилди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати