Болажонларга қувонч улашилди

82

Юнусобод туманида жойлашган 23-сонли меҳрибонлик уйида 200 нафар ўғил-қиз бор. Улар билан суҳбатлашсангиз, кўзларига боқсангиз, оламнинг, тирикликнинг қадрини яна бир бор англагандек бўласиз.

Мудофаа вазирлигининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари болажонлар ҳолидан хабар олиб, Бош Қомусимиз қабул қилинган кун муносабати билан «Конституция – менинг фахрим» шиори остида маънавий-маърифий ва спорт тадбири ўтказди.

Унда Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси ёшлар билан ишлаш бўлими офицерлари, Қуролли Кучлар академияси оркестри жамоаси, вазирликнинг маънавият-маърифат маркази ашула ва рақс ансамбли хонандалари ҳамда спорт клуби вакиллари иштирок этди.

Меҳрибонлик уйи ҳовлисини тутган ашулаларга рақс тушган болажонлар қувончига беихтиёр шерик бўласан киши. Улар билан ташкиллаштирилган спорт мусобоқаси ҳам анча қизғин кечди.

Тадбир сўнггида меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти