Курсантлар ўртасида математика фани бўйича олимпиада ўтказилди

67

Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Мудофаа вазирликлари тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари жамоалари ўртасида 2020 йилда бўлиб ўтадиган математика фани бўйича VI халқаро олимпиадасига саралаш бўйича фан олимпиадаси ўтказилди.

Ғолиб жамоа вакиллари халқаро мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Ўтган математика фани бўйича V халқаро олимпиадада Қуролли Кучлар академияси жамоаси қатнашиб, фахрли учинчи ўринни қўлга киритган эди.

– Ушбу олимпиадада иккинчи маротаба иштирок этяпман. Халқаро миқёсдаги мусобақа, албатта, ҳаяжонли, масъулиятли. Аммо ўзига, билимига ишонган курсантлар ҳеч нарсадан ҳайиқмайди. Биринчилик сари интилаверади, – дейди Қуролли Кучлар академияси курсанти Сардор Равшанов. – Агар темир ишлатилмаса, занглайди. Сув ҳаракатланиб турмаса, айнийди. Киши фикрламай қўйса, мияда ҳам шундай ҳолат юз беради. Шу маънода ақл гимнастикаси бўлган математика биз, бўлажак Ватан ҳимоячиларининг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.

Ниҳоят, якуний натижалар эълон қилинди. Унга кўра яккалик баҳсларда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари Расулбек Қадамбоев биринчи ҳамда Бобур Абдурашидов иккинчи ўринларни, Қуролли Кучлар академияси курсанти Сардор Равшанов эса учинчи ўринни эгаллади.

Умумжамоа ҳисобида эса Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти 1-, Қуролли Кучлар академияси 2-, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти курсантлари 3-ўринларни забт этди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти