Пойтахт кўчаларини безаган давлатимиз байроқлари

2

Кеча, 1 декабрь куни Қуролли Кучлар академияси ташаббуси билан  пойтахтимиз йўллари бўйлаб Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни ва Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинганлигининг  27 йиллиги муносабати билан ўзига хос соғломлаштириш марафони ўтказилди.

Мазкур соғломлаштириш марафонида академия шахсий таркибидан ташқари ҳарбий пенсионерлар, тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари, талабалар ҳамда мактаб ўқувчилари иштирок этди.

Олимпиада ўйинлари асосчиси Пьер де Кубертен таъкидлаганидек, «Энг муҳими ғалаба қозониш эмас, иштирок этиш» анъанасига амал қилган марафон иштирокчилари Қуролли Кучлар академияси олдидан стартга чиқишди ва 5 километрлик масофани қўлларида давлатимиз байроғи билан босиб ўтишди.

Айнан мана шу ҳолат пойтахтимиз кўчалари бўйлаб байрамона кайфиятни олиб кирди. Чунки қатнашчилар қўлларида ҳилпираган Ўзбекистон байроғи Қуролли Кучлар академияси, Кичик халқа йўли, Тараққиёт кўчаси, «Ашхабод сайлгоҳи» истироҳат боғи, Мирзо Улуғбек шох кўчаларига янада ўзгача чирой бағишлади.

Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунига ва Конститутциямизнинг 27 йиллигига бағишлаб ташкиллаштирилган соғломлаштириш марафони 6 та йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорларни аниқлаб берди.

Ўз йўналишларида ғолиб ва совриндор бўлганлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ҳамда дипломлар билан тақдирланишди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва

оммавий коммуникациялар департаменти