Ҳарбийлар ва ёшлар иштирокида Сурхондарёда “Ноёб ва бетакрор анъаналаримизни шарафлаймиз” шиори остида  фестиваль ўтказилди

44

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий қисмларининг бирида ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи ёшлар ўртасида “Ноёб ва бетакрор анъаналаримизни шарафлаймиз” шиори остида  фестиваль ўтказилди.

Унда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, вилоят маънавият ва маърифат маркази бўлими, ёзувчи, шоир ва бахшилар, вилоят мусиқали драма театри актёрлари, Денов тумани маъданият бўлими санъаткорлари иштирок этди.

Ташриф буюрган меҳмонлар ва ўқувчи ёшларни ҳарбий оркестр шахсий таркиби ватанпарварлик руҳидаги мусиқалар билан кутиб олди.

Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Илҳом Каримов, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бошлиғи Фирдавс Шарипов, Жануби-оператив йўналиши бошқарув гуруҳи бошлиғининг подполковник Зуфаржон Юсупов ва бошқалар сўнги йилларда мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ватанимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаб, кўп миллатли халқимиз осойишталиги ва юртимиз равнақи учун хизмат қилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизнинг турли худудларидан келган ҳарбий хизматчиларни от минишга ўргатиш, дўмбира чалиш кўникмасини шакллантириш, мардлик, жасорат, садоқат каби буюк қадирятлар улуғланган “Алпомиш” достони мутолаасини йўлга қўйишга эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда ҳарбийлар йиғилганларни от-эгарлаш, чавондозлик маҳорати ва унинг сир-асрорлари билан таништирди.

Халқаро бахшичилик фестивали ғолиби Равшан бахши бахшичилик санъати  ва тарихи бўйича маҳорат дарси ўтиб, “Алпомиш” достонидан парчалар куйлади. Ватан, тинчлик, ободлик, жасорат ва миллий қадриятларимиз улуғланган шеърлар ўқилди. Санъаткорлар томонидан қўшиқлар ижро этилди.

Театр актёрлари “Алпомишнинг қайтиши” саҳна кўринишини намойиш этишди.

Ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг қўл жанги ва фахрий қоровул шахсий таркибининг, шунингдек, мамлакатимиз ва халқаро ареналарда совриндор бўлган Денов тумани спорт бўлими спортчилари томонидан қилинган кўргазмали чиқишлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Денов туманида жойлашган мактаблардан йиғилган 540 нафарга яқин ўқувчи ёшга ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди ва маҳорат дарслари ўтказилди.

Ҳарбий қисмдаги моҳир ошпаз ҳарбий хизматчилари ўртасида мамлакатимизнинг 21 хил милий таомларини тайёрлаш бўйича мусобақа уюштирилди.

Ғолиб деб топилган моҳир ошпазлар вилоят ҳокимлиги ҳамда округ қўмондонлиги томонидан фахрий ёрлиқ ва қимматбахо совғалар билан тақдирланди.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати