Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий психологлар ўртасида ўтказилган танловининг республика босқичи якунланди

56

28-29 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар давлат музейида ҳарбий психологлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда ташаббускор ҳарбий психологларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, руҳий зўриқишларни ечиш хоналарини намунали тарзда ташкил этилишини рағбатлантириш мақсадида Мудофаа вазирлиги қўшинларида “Энг илғор ҳарбий психолог” ва “Руҳий зўриқишларни ечишнинг намунали хонаси” танловларининг республика босқичи ўтказилди.

Мазкур босқичда иккала номинация бўйича ҳарбий округлар, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари, Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари миқёсида биринчиликни қўлга киритган иштирокчилар ўзаро беллашдилар.

Психология йўналиши бўйича республикамиздаги етакчи олий ўқув юртлари психолог мутахассислари ҳам киритилган танлов ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг психологияга оид билимлари, ҳарбий жамоаларда олиб бораётган ижтимоий-психологик тадбирлари махсус саволномалар ва тақдимот материаллари асосида баҳолаб борилди, шунингдек, ҳарбий қисмларда ташкил этилган руҳий зўриқишларни ечиш хоналари акс эттирилган фото ва видеоматериаллар билан танишилди.

Танлов якунларига кўра, “Энг илғор ҳарбий психолог” номинацияси бўйича биринчи ўринни Марказий ҳарбий округда жойлашган ҳарбий қисмлардан бирининг ҳарбий психологи Ж. Ҳабибов, “Руҳий зўриқишларни ечишнинг намунали хонаси” номинацияси бўйича эса Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмлардан бири эгаллади.

Танлов якунларига кўра, эришилган илмий-амалий натижалар ва илғор тажрибаларни Мудофаа вазирлиги қўшинларида оммалаштириш ҳамда ҳарбий психологлар фаолиятида кенг фойдаланиш режалаштирилган.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти