Нукус гарнизонидаги “Ватанпарвар” маҳалласи бошқа маҳаллаларга ҳар томонлама ўрнак бўлмоқда

69

Бошқа давлатларда учрамайдиган маҳалла бошқарув тизими чиндан ҳам фуқароларнинг тинч-тотув, иноқликда яшашини таъминлайди. Бу, айниқса, ҳарбий шаҳарчаларда муҳим аҳамият касб этади.

Чунки оила устуни бўлмиш ота кутилмаган вазиятларда узоқ ва қисқа муддатларда дала-ўқув майдонларига, хизмат вазифасини бажариш учун оиласидан олисга кетишига мажбур бўлади. Мана шундай вазиятларда унинг оила аъзолари хотиржамлигини таъминлаш, фарзандларига ҳақиқий ғамхўр бўлишда маҳалланинг роли беқиёс.

Нукус гарнизонида жойлашган 1-сон ҳарбий шаҳарчадаги “Ватанпарвар” маҳалла фуқаролар йиғини бугун ана шундай муҳим вазифани бажаришда бошқа маҳаллаларга ҳар томонлама ўрнак бўлмоқда.

Ҳарбий шаҳарча ҳудудида жойлашган ушбу маҳалла фаолияти 2018 йилнинг 4 ноябрь куни йўлга қўйилган бўлиб, ундаги жами 19 та қўп қаватли уйларда 500 га яқин ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳарбий пенсионерлар истиқомат қилишади.

Эътиборлиси, шу йилнинг 14 август куни республика миқёсидаги жами ҳарбий маҳаллалар ўртасида Нукус гарнизонидаги “Ватанпарвар” маҳалласи энг намунали дея эътироф этилиб, вазирлик тизимидаги барча ҳарбий маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан тажриба алмашиш мақсадида ўқув семинари ўтказилган эди.

Ҳарбий шаҳарчадан жой олган ушбу маҳаллада Ватан ҳимоячиларининг оила аъзолари, уларнинг фарзандлари ҳамда ҳарбий пенсионерлар доимо эътиборда. Улар иштирокида турли маънавий-маърифий тадбирлар ва диққатга сазовор жойларга саёҳатлар уюштирилади. Тўй-ҳашамлар, ҳашарлар, байрам тадбирлари бу ерда жуда юксак уюшқоқлик билан ташкил этилади.

Маҳалла ўз фуқаролари учун иккинчи уйига айланиб улгурган. Бирор тадбир олдидан унда яшовчи оилалар шу ерда жам бўлиб, бир-бирлари билан маслаҳатлашади, биргаликда тадбирга тайёргарлик кўришади, бировнинг муаммосига биргаликда ечим топишга ҳаракат қилишади. Маҳаллада ҳеч бир фуқаронинг муаммоси четда қолмаган. Маҳалла ҳудудида битта боғча ва мактаб мавжуд.

– Маҳалламизнинг энг менга ёқадиган тарафи ҳарбийлар шаҳарчаси бўлганлиги. Шаҳардаги бошқа маҳаллаларга қараганда бизда ишлаш осон деб ўйлайман, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Райхон Бекниязова. – Бизда истиқомат қилаётган фуқаролар ҳаммаси она Ватаним деб ватанпарварлик руҳида тарбияланган инсонлар. Ҳарбий хизматчиларимиз хизматдан қайтаётганларида уларнинг нима хаёл билан келаётганлигини, ичидан нима ўтганларини бир қарашда жудаям яхши сезаман. Сабабики, ўзим ҳам Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида 17 йил ҳарбий хизматни ўтадим. Ҳозирда нафақадаман. Шунинг учун ҳарбийларнинг оилаларини кўпроқ яхши тушунаман, деб ўйлайман. Уларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан барча ҳарбий шаҳарчаларда маҳалла фуқаролар йиғинлари очилганидан кейин ҳарбийлар оилаларига жуда катта ёрдам бўлди. Оилалар бир-бирлари билан янада яқинроқ танишиб, оилавий тадбирларни биргаликда ўтказяпти. Маҳалламиздаги ҳар бир оиланинг муаммоларини биргаликда ечишни бошладик. Ҳақиқатдан ҳам, ҳарбий шаҳарчаларимизга илгари маҳаллалар етишмас эди. Мана шундай эзгу мақсадлар билан амалга оширилган кенг кўламли ишлар учун муҳтарам Президентимиздан миннатдормиз.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти