Қуролли Кучлар давлат музейида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

68

Қуролли Кучлар давлат музейида 1 декабрь “ОИТСга қарши курашиш куни” муносабати билан “ОИТС  ажал элчиси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари, ҳамкор ташкилот вакиллари иштирок этди. Давра суҳбатида сўз олганлар, аввало, ОИТСнинг зарарли оқибатлари хусусида иштирокчиларга маълумотлар берди.

Дарҳақиқат, Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда ОИВ инфекцияси дунёнинг барча мамлакатларини қамраб олган. Мамлакатимизда ана шу хавфнинг олдини олиш, унга қарши кураш чораларини ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш ва тизимли олиб борилишини таъминлаш борасида ОИТСга қарши кураш маркази томонидан мутасадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда зарур ишлар олиб борилмоқда. Аҳоли, айниқса, ёшларни ОИТС ва унинг салбий оқибатлари ҳақидаги тушунчаларини, шунингдек,  соғлом турмуш тарзи борасидаги билимларини мустаҳкамлаш бугуннинг энг долзарб масалаларидан бири саналади.

Бир сўз билан айтганда, аср вабоси саналган ОИТС хасталиги келиб чиқишининг олдини олиш, ушбу касаллик, унинг   оқибатлари ҳақида фуқароларга кенг маълумотлар бериш борасида  самарали ишлар олиб борилмоқда.

Шу каби фикр-мулоҳазалар билдирилган тадбирда иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

Шохруҳ САИДОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти