Янгиқўрғон тумани мудофаа ишлари бўлими  «Обод марказ» дастури доирасида замонавий қиёфага кирди

53

Ўнлаб йиллар кўзларимиз кўникиб қолган эски иншоотларнинг кўркам қиёфага кириши киши руҳияти, кайфиятида ижобий ўзгариш ясайди. Бу янгиланишлар кундалик юмушимиз, касб-коримизга муносиб ёндашишга туртки беради.

Жорий йилнинг май-август ойларида Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани мудофаа ишлари бўлимида «Обод марказ» дастури доирасида 719 миллион сўмлик капитал таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида Водий маҳалласи Чортоқ кўчасидаги 1962 йилда қурилган ушбу бино замонавий ва янгича қиёфага кирди. Жумладан, хизмат хоналарининг замонавий мебель ва жиҳозлар билан таъминлангани бу ердаги хизматчилар ҳамда уларга мурожаат этувчи фуқаролар учун қулайликлар яратди.

– Туман мудофаа ишлари бўлимини капитал таъмирлаш жараёнида янги, энергия тежовчи электр узатиш тармоғи, 22та хонага замонавий иссиқлик тизими ўрнатилди, – дейди «New Legal House» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бобирмирзо Дадабоев. – Шунингдек, 120 метрлик сув тармоғи тортилиши билан тоза ичимлик суви таъминоти амалга оширилди. Янги типда жиҳозланган назорат-ўтказиш пунктига турникетлар ўрнатилди. Бинонинг том ва фасад қисмлари мукаммал таъмирланди. Бўлимга элтадиган йўллар сифати яхшиланиб, Янгиқўрғон шаҳарчаси кўчаларининг 700 квадрат метрига асфальт, 200 метрига брусчатка қопламаси ётқизилди. Бино ҳовлисига ўрнатилган декоратив ёритиш чироқлари ёғдуси тунда ажиб манзара касб этмоқда. Тендер асосидаги капитал таъмирлаш ишлари Наманган вилояти ягона буюртма инжиниринг компанияси буюртмасига асосан бажарилди.

Янгиқўрғон тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи подполковник Яҳё Қосимовнинг таъкидлашича, «Обод марказ» дастури доирасида ушбу муассаса биноларини давр талабига мослаб таъмирлаш, реконструкция қилишга катта эътибор қаратилди. Бу эса туман маркази қиёфасини кўркамлаштириш билан биргаликда мудофаа соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур бўлимнинг капитал таъмирлангани юртимизнинг бунёдкорлик салоҳиятидан далолат бериб, ёшлар қалбида ҳарбий-ватанпарвалик туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти