МУДОФАА ВАЗИРЛИГИ ТИЗИМИДА ИЛК МАРОТАБА “Энг яхши кутубхона”, “Энг яхши кутубхоначи” ва “Энг илғор маданият маркази бошлиғи” кўрик-танлови ўтказилди

66

Мудофаа вазирлиги тизимида кутубхоналар ишини такомиллаштиришга, маданият марказлари фаолиятининг  сифати ҳамда самарадорлигини оширишга  алоҳида эътибор берилмоқда.

Жорий йилда илк маротаба ўтказилаётган “Энг яхши кутубхона”, “Энг яхши кутубхоначи” ва “Энг илғор маданият маркази бошлиғи” кўрик-танлови эса бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Шу йилнинг август ойида барча ҳарбий округларда мазкур кўрик-танловларнинг саралаш босқичи ўтказилди. Беллашувларда 50 нафарга яқин маданият маркази бошлиқлари, 100 дан ортиқ кутубхоначилар иштирок этди. 80 дан ортиқ кутубхоналар фаолияти ўрганилди.

Ниҳоят, Қуролли Кучлар давлат музейида  кўрик-танловнинг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда ҳарбий округлардан сараланган 18 нафар маданият маркази бошлиқлари ва кутубхоначилар иштирок этди. Беллашувларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона ходимлари ҳамда Мудофаа вазирлиги масъул офицерларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Танлов иштирокчилари даставвал ўз йўналиши бўйича тест синовларини топширдилар. Иккинчи шартда эса улар фаолияти давомида амалга ошираётган ишларини видеоролик ва слайдлар орқали намойиш қилиб,  маънавий-маърифий ишлар, маданий-ҳордиқ тадбирларини ташкил этиш борасида қанчалик билим ва тажрибага эга эканликларини намойиш қилишди. Беллашувларда иштирокчиларнинг соҳага доир меъёрий ҳужжатлардан қанчалик бохабарлиги, кутубхона фондини шакллантириш ва китобхонлар билан ишлаш кўникмаси, ўтказиладиган тадбирларнинг режаси ва сценарийсини тузиш малакаси ҳамда маънавий-маърифий билимлари ҳам синовдан ўтказилди.

Ҳакамлар ҳайъати баҳолаш жараёнида маданият марказларида ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик тўгараклари фаолияти қанчалик тўғри йўлга қўйилганига ҳам аҳамият беришди. Кутубхоначиларнинг бажарган ишлар бўйича ҳисоботлари, ўтказган тадбирлари бўйича фотоальбомлар жамланмаси кўздан кечирилди.

Қизғин ва баҳс-мунозарага бой ўтган кўрик-танлов ниҳоясида ғолиблар аниқланди.

Унга кўра, Тошкент ҳарбий округига қарашли Ангрен шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм кутубхонаси  “Энг яхши кутубхона” деб топилди.

“Энг яхши кутубхоначи” кўрик-танловида эса Қуролли Кучлар хизматчиси Инобат Эрматова (Шарқий ҳарбий округ) ғолибликни қўлга киритди. Қуролли Кучлар хизматчиси Дилфуза Эргашева “Энг илғор маданият маркази бошлиғи” эътирофига сазовор бўлди.

Ғолиб ва совриндорларга мукофотларни мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Хамдам Қаршиев топширди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти