Шимоли-ғарбий ҳарбий округда ўтган тадбирда сайлов тарғиботи бўйича таклиф ва тавсиялар берилди 

55

Нукус гарнизонидаги ҳарбий шаҳарча ҳудудида ташкил этилган сайлов участкасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарлик жараёни борасида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар. Сайлов қонунчилигида амалга оширилган ислоҳотлар” мавзусида ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқ-тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Абилқосим Отавалиев, Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси вакили подполковник Жаҳонгир Қаландаров, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Нуриддин Қодиров, Нукус ҳарбий прокурорининг ўринбосари адлия капитани Темурхон Муҳиддинов ҳамда сайлов жараёнларига бевосита масъул бўлган ҳарбий қисмлардан вакиллар иштирок этди.

Мажлисда Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 11 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар батафсил етказилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14-моддасига мувофиқ, сайловда иштирок этувчи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларини илгари сурган.

Шунингдек, тадбир доирасида сайлов жараёнларини ўтказиш тартиби ва қонун-қоидалари бўйича машғулот ташкил этилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти