Ҳарбийларнинг фарзандлари  “Саҳродаги Лувр”га саёҳат қилди

57

Бугун, 26 ноябрь куни Нукус гарнизонида хизмат қилаётган Ватан ҳимоячиларининг фарзандлари Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейига саёҳат қилди.

Музей 1966 йилда ташкил топган бўлиб, 1984 йилдан буён унинг вужудга келишида катта ҳисса қўшган ва қорақалпоқ халқ амалий санъати асарларини тўплаган Савицкий номи билан аталади.

Музей халқ амалий санъати, қадимий ва ўрта асрлар Хоразм санъати, 1920-30 йиллар ўзбек ва рус тасвирий санъати, қорақалпоқ замонавий ранг-тасвири ва ҳайкалтарошлиги, илмий-маърифий бўлимлар, 10 минг асарга эга кутубхона ва асарлар фондига эга.

Ўқувчиларнинг ушбу музейга уюштирган экскурсияси уларнинг Ватанимиз шонли тарихига бўлган қизиқиши ва ҳурматини яна бир бор оширди. Улар музейдан ўрин олган ҳар бир экспонатни катта қизиқиш билан томоша қилишди. Албатта, уларда бир дунё саволлар туғилди. Музей катта илмий ходими Исломбек Саитбоев болажонлар томонидан берилаётган саволларга батафсил жавоб берар экан, ўқувчилар қалбида уйғонаётган ажиб туйғуларга шерик бўларди, гўё.

– Музейимиз халқ тилида бежизга “Саҳродаги Лувр” деб номланмайди. Бу номни музейнинг бой ва қимматли экспонатлари билан танишган хорижлик сайёҳлар ва соҳа мутахассислари беришган, – дейди Исломбек оға. – Музейимизда нафақат ўз халқимизнинг тарихига оид қимматли экспонатлар, балки дунёнинг машҳур музейларида сақланаётган ноёб буюм ва топилмаларнинг нусхалари ҳам сақланади.

Жажжи болажонларнинг музейга ташрифи, албатта, улар хотирасида узоқ сақланади. Боиси, тарих билан юзлашган одам ўз қалбига, ички дунёсига ва келажагига назар ташлайди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти