Ҳарбийлар ва сайлов комиссияси аъзоларининг ўзаро фикр алмашиш учрашуви бўлиб ўтди

49

22 декабрь куни мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депуталари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига сайлов ўтказилади. Ушбу тарихий жараёнда кенг жамоатчилик билан бир қаторда юртимиз тинчлигини сақлашга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ҳарбийларимиз ҳам номзодларга овозларини беришади.

Чирчиқ шаҳридаги ёшлар иттифоқи ташкилотининг мажлислар залида бўлиб ўтган тадбирда  96-Чирчиқ сайлов округи комиссияси вакиллари ҳамда Тошкент ҳарбий округида ташкил этилган сайлов участкаларининг масъул офицерлари, ҳарбий прокуратура ходимлари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги давлат ва жамоатчилик ташкилотлари билан ишлаш бўлими бошлиғи подполковник Валижон Дадажонов, 96-Чирчиқ сайлов округи комиссияси раиси Олимжон Муқимов ва бошқа сўзга чиққанлар янги тизмида ўтказиладиган сайлов тартиб-қоидалари ҳақида ҳарбий хизматчиларга тегишли маълумотларни етказишди.

Ҳарбий хизматчилар ҳам мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган ушбу муҳим воқеликка бефарқ эмасликларини намойиш этган ҳолда, сайлов комиссияси вакилларига турли мавзуларда ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этиб, уларга тўлақонли жавоб олишди.

Шунингдек, Тошкент ҳарбий округида ташкил этилган сайлов участкаларида сайловни ташкил этувчи масъул офицерларга йиғилиш давомида видеолавҳалар ҳамда фотослайдлар намойиш этилди.

Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари шаҳрдаги ҳарбий қисмлардан бири ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртидаги сайлов участкаларига ташриф буюриб, у ерда сайловчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.

Асрор РЎЗИБОЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва

оммавий коммуникациялар департаменти