Ҳарбий қисм ва муассасалар сайловга шай

55

Қуролли Кучлар академиясида ҳарбий қисм ва муассасалардаги участка сайлов комиссияси раиси ва аъзолари иштирокида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” мавзусида амалий ўқув семинар ўтказилди.

Тадбир давомида участка сайлов комиссияси фаолиятини ташкил қилиш ҳамда сайлов участкаларини жиҳозлаш тартиби кенг кўламда амалий мисоллар бўйича ўрганилди. Унда Марказий сайлов комиссияси ўқув маркази директори, юридик фанлар доктори, профессор Шуҳрат Файзиев, Мирзо Улуғбек тумани 4-Асака сайлов округи вакили Нозима Абдураҳмонова, Тошкент ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси адлия капитани Осим Умаров ўзларининг сайлов жараёнидаги энг сўнгги янгиликлар билан бойитилган маърузалари билан иштирок этдилар.

Таъкидлаш керакки, жорий йилда республика бўйича сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади. Рўйхат ягона бўлгани боис ҳар бир сайловчининг овоз берган-бермагани ягона базада қайд этилади. Шунингдек, бутун оила номидан бир киши келиб овоз бериши ҳолларига ҳам йўл қўйилмайди.

Сайлов участкалари ҳақида маълумотлар бир базада жамланади. Ҳар бир сайлов участкасининг жойлашган ўрни, манзили электрон тарзда бир базага жамланади. Бу участкага қайси фуқаролар қараши ҳам киритилади. Фуқаролар ўз паспорт маълумотларини териш орқали, қайси участкага ва қайси манзилга бориши кераклиги ҳақида осонлик билан маълумот олиши мумкин бўлади.

Назарий машғулот ва савол-жавоблардан сўнг иштирокчилар академиядаги 195-сайлов округида тайёргарлик жараёни, жиҳозлаш ишлари билан танишдилар. Мутахассислар ўзларининг таклиф, фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Азиз НОРҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти