Ўзбекистонлик армия спортчиси «Осака турнири кашфиёти»

58

Япониянинг Осака шаҳрида дзюдо бўйича «Катта дубулға» турнири бўлиб ўтди. Унда қатнашган юртимиз вакиллари иккита медалга эгалик қилишди. Совриндорлардан бири МВСК (Мудофаа вазирлиги спорт клуби) вакили бўлди.

Дунёнинг 94 давлатидан 534 нафар (307 эркак, 227 аёл) дзюдочисини ўзига жалб этди. Мусобақага бўлган бундай эътибор ва нуфуз сабаби спортчилар турнир медалларидан ташқари «Токио – 2020» Олимпиадасининг муҳим рейтинг очколари учун ҳам татамига чиқишди.

Хусусан, Осака турнири ғолиблари 1000, кумуш медаль соҳиблари 700, бронза медални қўлга киритганлар эса 500 рейтинг очкосини ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди ва ҳатто 7-ўринни эгаллаганларга ҳам 260 рейтинг очкоси берилди.

ХДФ рейтингида 595 очко билан 55-поғонани эгаллаб турган МВСК аъзоси Давлат Бобонов (-90 кг) кетма-кет учта беллашувни ўз фойдасига ҳал қилди. У аввалига америкалик Жон Жейнни, кейин чехиялик Дэвид Кламмертни мағлубиятга учратди. Учинчи босқичда унга амалдаги жаҳон чемпиони, ўтган йилги Осака турнирининг кумуш медали совриндори, бу йил Екатеринбургда ўтказилган «Катта дубулға» турнири ғолиби голландиялик Вент Энд Ноэл қарама-қарши келди.

Мухлису мутахассислар голландиялик дзюдочининг ғалабасини кутиб турган бир пайтда МВСК вакили рақибидан устун келиб, барчани ҳайратга солди. Ушбу ҳолат Бобоновнинг кейинги беллашувида ҳам такрорланди, чунки бу гал унга қарши япониялик Шоичиро Мукаи татамига чиққан, бунгача бўлган деярли барча вазн тоифаси бўйича баҳсларда мезбонлар вакили ғолиб ёки совриндор бўлиб келаётганди. Шундай бир пайтда Давлат мезбонлар дзюдочиси Шоичирони мағлуб этди.

Ярим финалда Бобоновга яна бир кучли полвон – бу йилги Париж «Катта Дубулға» турнири ғолиби, 2017 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори Донг Хан Гвак (Жанубий Корея) рақиблик қилди. МВСК аъзоси уни ҳам мағлуб этишнинг уддасидан чиқди ва «Осака турнири кашфиёти» сифатида финалга йўл олди. Унинг олтин медаль учун кечган баҳсдаги рақиби грузиялик Бека Гвиниашвили бўлди. Афсуски, финал беллашувида дзюдочимиз рақибига имкониятни бой бериб, мусобақанинг кумуш медали ҳамда «Токио – 2020» Олимпиадаси йўлидаги қимматли 700 рейтинг очкосини қўлга киритди.

Энг оғир (+100 кг) вазн тоифасидаги биринчи рақамли дзюдочимиз Бекмурод Олтибоев (МВСК) ўрнига Японияга борган Алишер Юсупов ҳам юртимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилди ва бронза медали учун кечган беллашувда Дюссельдорф ва Бразилия «Катта Дубулға» турнирлари ғолиби япониялик Дайго Кагавани таслим этган Алишер Осака турнирининг бронза медали ҳамда қимматли 500 рейтинг очкосини қўлга киритди.

МВСК аъзоси Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг) кетма-кет икки учрашувда кучли рақибларини мағлубиятга учратди. У турнирдаги иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи босқичдан бошлади ва дастлаб кореялик Ким Жаэ Юнгни енгди. Бронза медали учун беллашувда ҳам Хуррамовнинг рақиби япониялик, яъни Кентаро Ида бўлди ва бу баҳсда ҳам кунчиқар юрт вакили устун келди.

Камолиддин Расулов (-81 кг) дастлаб молдовалик Никон Заборошични, сўнг болгариялик Ивайло Ивановни, чорак финал йўлланмаси учун баҳсда мўғулистонлик Угонбатар Отгонбатарни мағлубиятга учратди. Кетма-кет учта беллашувда ғалабага эришган юртдошимиз чорак финалда япониялик кучли полвон Хикару Томокиога ютқазиб қўйди ва  5-ўринни эгаллагани ҳолда «Токио – 2020» Олимпиадаси йўлланмаси йўлида қимматли 360 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди.

Осакага деярли иккинчи таркиб билан борган Ўзбекистон терма жамоаси якунда биттадан кумуш ва бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади.

Расул ЖУМАЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти